Сунъий интеллект ва келажак: роботлар дунёни эгаллайдими?

31.05.2025 12:00 | 6 дақиқада ўқилади.

Инсон тараққиёти тарихида сунъий интеллект (СИ) каби баҳсли, ҳаяжонли ва ҳаттоки қўрқинчли технологик ривожланиш бўлмаган. Илгари фақат илмий-фантастик асарлар ва Ҳолливуд филмларида тасвирланган бу тушунча бугун ҳаётимизнинг деярли барча соҳаларига кириб келган.

Ai

Аммо СИ бошқарувидаги дунё сари интилаётганимизда, роботлар одамлар ўрнини босиши мумкинми деган савол туғилади. Агар шундай бўлса, бу инсоният учун қандай оқибатларга олиб келади?

Бугун заводлардан тортиб юридик соҳаларгача ишларни роботлар бажармоқда. МcKinsey & Cоmpany тадқиқотига кўра, 2030 йилга келиб дунё бўйлаб 800 миллионга яқин иш ўрни СИ туфайли йўқолиши мумкин. Бироқ, бу дегани — одамлар ишсиз қолади, дегани эмас. Тарихга назар солсак ҳам, саноат инқилоби пайтида ҳам кўплаб эски касблар йўқолган, лекин янги технологиялар янгидан янги касбларни яратган. Худди шундай, СИ оддий ва такрорланувчи ишларни ўз зиммасига олиб, одамларга ижодий ва муҳимроқ вазифалар билан шуғулланиш имконини бериши мумкин.

Масалан, тиббиётда СИ шифокорларга аниқ ташхис қўйишда ёрдам беради, лекин уларнинг ўрнини эгаллай олмайди.

 

Энг катта саволлардан бири: СИ онгга эга бўлиши мумкинми?

Ҳозирги вақтда СИ олдиндан белгиланган алгоритмлар ва буйруқлар асосида ишлайди, лекин у инсон каби «ўйлай» олмайди. Бироқ нейрон тармоқлари (яъни, инсон мияси каби ишлашга ҳаракат қиладиган компютер тизимлари) ривожланмоқда ва бу фикрнининг тўғри эканлигига шубҳа уйғотяпти. Машҳур олимлар, жумладан Илон Маск ва дунёдан ўтган Стивен Ҳокинг «СИ назоратсиз ривожланса, инсониятга хавф туғдириши мумкинлиги» хусусида огоҳлантирган.

Асосий ташвишлардан яна бири СИ кучининг бир нечта корпорациялар ва ҳукуматлар қўлига тўпланиши. Google, Amazon ва Microsoft каби технология гигантлари СИ ривожланишини монополиялаштирган. Бу эса СИ демократлаштирилиши керакми, деган саволни ҳам пайдо қилади?


СИни яхшилик учун ишлатишни ким кафолатлайди?

Масалан, баъзи юзни таниб олиш дастурлари ирқий ва жинсий тарафкашликлар учун танқид қилинган. Агар СИ қатъий ахлоқий қоидаларсиз ривожланишда давом этса, оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин.

Баъзи мутахассислар СИни душман сифатида эмас, балки одамларнинг имкониятларини оширувчи восита сифатида кўриш керак, дейди. Чунки СИ келажакда, масалан, таълим соҳасида ўқувчиларга индивидуал ёндашадиган дарс бериши мумкин; космосни тадқиқ қилишда астронавтларга мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бериши мумкин; экология соҳасида иқлим ўзгаришини олдиндан прогноз қилиш ва табиий офатларни олдини олиши мумкин.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, роботлар дунёни эгаллайдими деган саволга «ҳа» деб ҳам, «йзқ» деб ҳам жавоб бериш мумкин.

Ҳа, СИ ҳаётимизни тубдан ўзгартиради, дунёмизни қайта шакллантиради, саноатни автоматлаштиради ва кўплаб соҳаларда инсон ўрнига ишлайди.

Аммо бу инсон-машина ҳамкорлигининг утопик келажагига айланиши бутунлай бизнинг қандай қарорлар қабул қилишимизга алоқадор. Агар уни тўғри назорат қилсак, СИ инсониятга ёрдам берадиган кучга айланиши муқаррар.

Келажак инсонлар қўлида. Сунъий интеллект яхши ёки ёмон бўлиб қолмайди — ҳаммаси биз уни қандай яратишимиз ва бошқаришимизга боғлиқ.

Рухсора Жовлиева.