Трамп АҚШда металл импорти божларини икки баробар оширишини эълон қилди

31.05.2025 13:00 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ президенти Доналд Трамп мамлакатдаги металл ишлаб чиқаришини тиклаш мақсадида пўлат ва алюминий импортига божларни 50 фоизгача оширишини маълум қилди. Бу қарор Хитойга боғлиқликни камайтириш ва ички саноатни қўллаб-қувватлаш мақсадида қабул қилинган.

Tramp

Доналд Трамп Питтсбургдаги митингда чиқиш қилиб, чегара ортидан келадиган пўлат ва алюминийга нисбатан амалдаги 25 фоизлик божни икки баробарга ошириб, 50 фоизга етказишини эълон қилди. Янги тартиб келаётган чоршанба кунидан кучга киради.

Унинг таъкидлашича, бу чора маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, миллий захираларни мустаҳкамлаш ва Хитойга бўлган боғлиқликни камайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, Трамп Япониянинг Nippon Steel компанияси билан US Steel ўртасида 14 млрд долларлик инвестициявий ҳамкорлик режалаштирилаётганини маълум қилди, аммо бу келишув ҳали тасдиқланмаганини ҳам тан олди.

Трампнинг қайд этишича, ушбу ҳамкорлик натижасида ишчилар ишдан бўшатилмайди, аутсорсингга йўл қўйилмайди ва ҳар бир ишчига 5 000 доллар бонус тўланади. Маҳаллий ишчилар бу янгиликни илиқ кутиб олишди. Питтсбург яқинидаги Вашингтон шаҳри мэри ва US Steel ишчилар уюшмаси аъзоси ЖоЖо Бёрджесс ушбу дастур янги авлод пўлат ишчилари учун имкон яратади, деган умидда эканини билдирди.

Трамп божларни 2018 йилда 25 фоизгача оширганини эслаб, бу билан US Steel компаниясини «қутқарганини» таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, янги 50 фоизлик божлар компанияга «чегарадан ўтиб олиш имконини» бутунлай йўққа чиқаради ва Пенсильвания пўлати АҚШ қурилишида яна бош роль ўйнайди.

Шу билан бирга, бу қарор халқаро савдога жиддий таъсир кўрсатди. Хусусан, Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар янада таранглашган. Женевадаги музокаралар ортидан Трамп Хитойни божлар бўйича келишувга риоя қилмаётганликда айблади. АҚШ савдо вакили Жамисон Грир эса Хитой келишилган нобож тўсиқларни олиб ташламаётганини маълум қилди.

Япония билан келишув ҳақида ҳам Трамп аниқ маълумот бермади. Аммо АҚШ расмийлари Nippon Steel компаниясининг Америкадаги заводларига ҳукумат иштирокини таъминлаш мақсадида сармоя оширишига рози бўлганини маълум қилишди. Компания раҳбариятида америкаликлар бўлиши, ишлаб чиқариш 10 йил давомида қисқартирилмаслиги ва кейинги даврда ҳукуматда бундай қарорларни рад этиш ҳуқуқи бўлиши кўзда тутилган.