Ушбу таклиф 2025 йил май ойи охирида Хитойнинг ядро хавфсизлиги бўйича миллий бошқармаси раҳбари Дон Баотон ва Қозоғистоннинг атом энергетикаси агентлиги вакили Алмасад Сатқалиев ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Қозоғистон томони Хитойнинг ядровий ва сув-экологик хавфсизлик соҳасидаги тажрибасини ўрганишга қизиқиш билдирган.
Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати АЭС қуриш учун потенциал пудратчилар рўйхатини тузган эди. Унда CNNC билан бир қаторда Россиянинг «Росатом», Жанубий Кореянинг KHNP ва Франциянинг EDF компаниялари ҳам бор. Танлов иқтисодий мақсадга мувофиқлик, технологик ишончлилик ва экологик хавфсизлик мезонлари асосида амалга оширилади.
2024 йил октябрь ойида Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиб, унда қатнашганларнинг 71,12 фоизи «ҳа» деб овоз берган. Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев мамлакатда биринчи АЭСни 2035 йилгача ишга туширишни режалаштираётганини маълум қилди. Станция Алмати вилояти Жамбил туманидаги Улкен қишлоғида, Балқаш кўли соҳилида қурилиши кутилмоқда.
Қозоғистон уран захиралари бўйича дунёда Австралиядан кейин иккинчи ўринда туради ва «Қазатомпром» компанияси 2022 йилда жаҳон уран таъминотининг 43 фоизини таъминлаган. Мамлакатда аввал ҳам АЭС фаолият юритган — 1973 йилдан 1999 йилгача Ақтау шаҳридаги БН-350 реактори ишлаган, аммо у ядровий қурол учун плутоний ишлаб чиқариш имкониятига эга бўлгани сабабли ёпилган.