Япония муҳандислари маълумот узатиш соҳасида янги жаҳон рекордини ўрнатишди — улар 1808 километр масофага сониясига 1,02 петабит ёки 127 500 гигабайт маълумот узатишга эришди. Бу натижа дунёдаги энг юқори интернет тезлиги ҳисобланади.
Бу каби юқори тезлик билан 4К форматдаги фильмни 0,0001 сонияда юклаб олиш мумкин. Яъни фақатгина бир сония ичида тахминан 10 000 та фильмни юклаб олиш имкони пайдо бўлади.
Бундай узатиш имкониятига 19 каналли янги турдаги оптик толали кабел орқали эришилди. Анъанавий кабелларда одатда фақат битта канал ишлатилади, бу эса маълумот алмашинувида жиддий фарқ яратиши мумкин.
Янги технология сунъий интеллект тизимлари, 6G алоқаси ва “интернет нарсалар”и (IoT) каби юқори талабга эга соҳалар учун мўлжалланган. Шу билан бирга, бу интернет тизимини оддий уй фойдаланувчиларига ҳам жорий этиш режалаштирилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, келгуси йилларда бу технология маълумот марказлари, телекоммуникация тармоқлари ва рақамли инфратузилмаларнинг асосий қисмларидан бирига айланиши кутилмоқда.