«Al Jazeera» нашрининг ёзишича, бу қарор икки қўшни мамлакат ўртасидаги мураккаб муносабатлар фонида муҳим сиёсий яқинлашув сифатида баҳоланмоқда. Яқинда икки давлат чегараларида қуролли тўқнашув бўлиб ўтган эди.
Афғонистон ташқи ишлар вазирлиги баёнотига кўра, Исломободдаги Афғонистон элчихонаси ва Кобулдаги Покистон элчихонаси тўлиқ фаолият юритиши тикланади. Ушбу келишув дипломатик мулоқотни кучайтириш, чегарадаги муаммоларни ҳал этиш ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни яхшилашга қаратилган.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ушбу жараённи ижобий баҳолаб, икки давлатнинг ўзаро ишончни мустаҳкамлаши муҳимлигини қайд этди. Баёнотда таъкидланишича, қўшничилик тамойили асосида олиб бориладиган дипломатик мулоқот минтақада барқарорлик ва тинчликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди.
Мутахассислар фикрича икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда чегара ҳодисалари, хавфсизлик масалалари ва муҳожирлар оқими туфайли анча совуқлашганди. Шу боис бу яқинлашув сиёсий ислоҳотлар учун янги имкониятлар яратиши мумкин.