Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши ҳузуридаги Дезинформацияга қарши кураш маркази раҳбари Андрий Коваленко 1 июн куни Брянск ва Курск областларида юз берган кўприк портлашларига муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, бу ҳодисалар Кремлнинг манфаатларига хизмат қилиши мумкин.
Коваленкога кўра, портлашлар 2 июн куни Истанбулда ўтказилиши кутилган ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралардан атиги бир кун олдин содир бўлди. Шу билан бирга, Москва музокараларга ваколатсиз делегация юбормоқда ва ҳеч қандай расмий таклифлар билдирмаган. Унинг сўзларига кўра, Кремл музокараларни бузиш учун Украинага қарши халқаро ахборот ҳужуми тайёрламоқда.
«Бу ҳолатлар яна Украинага «террорчи давлат» деган ёрлиқни ёпиштиришга уринишга ўхшайди», — деди Коваленко. У Брянск ва Курскдаги портлашларни «брянск-курск шакари» деб атади ва бу ифода 1999 йилдаги «Рязан шакари» деб номланган Россиядаги уюштирилган террористик ҳужумлар билан таққосланиши мумкинлигини қайд этди.
Унга кўра, бу каби ҳодисалар илгари ҳам Кремл томонидан провокация мақсадида қўлланган. 1999 йилда Рязандаги портлашлар Владимир Путиннинг сиёсий саҳнага чиқиши учун асос бўлганди.
Коваленконинг таъкидлашича, Украина музокараларга тайёр ва ўт очишни тўхтатишга аллақачон розилик билдирган. «Иккинчи жаҳон уруши услубидаги «релс уруши» бу фақат Россия пропагандасининг воситаси, Украина сиёсий стратегиясининг эмас», — дея хулоса қилди у.