Европа билан ҳамкорлик кимгадир ёқмаса ҳам, давом этамиз — Абдулазиз Комилов

01.06.2025 19:15 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон президентининг махсус вакили Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик Марказий Осиё манфаатига хизмат қилишини таъкидлади. Унинг таъкидича, бу ҳамкорлик прагматик асосларга таянади ва ташқи босимлардан қатъи назар давом эттирилади.

Kamilov

Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорлик ҳақида фикр билдириб, бу муносабатлар кимгадир ёқадими-ёқмайдими, давом эттирилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Ishonch.uz сайтига берган интервюсида гапирди.

Комилов сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари илк бор ягона субъект сифатида халқаро майдонда ўз позициясини намойиш қилмоқда. У Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни иқтисодий манфаатлар асосида баҳолади. Комиловнинг таъкидлашича, Европа Иттифоқи ялпи ички маҳсулоти тахминан 19 трлн еврога тенг ва бу минтақа учун муҳим иқтисодий шерикдир.

Самарқандда ўтган «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммити натижасида стратегик ҳамкорлик декларацияси қабул қилинган. Еврокомиссия минтақага тўртта йўналиш бўйича жами 12 млрд евро, Транскаспий лойиҳалари учун эса 10 млрд евро ажратган.

Бу воқеалар ортидан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Евроиттифоқни Марказий Осиёда Россияга қарши кун тартибини илгари сураётганликда айблади. У Европа ташкилотларининг чегара, божхона, статистика каби соҳалардаги дастурлар орқали минтақада ўз таъсирини кучайтиришга уринаётганини таъкидлаган.

Комилов эса бундай баёнотларга жавобан, Марказий Осиё давлатлари мустақил ташқи сиёсат юритаётганини ва яхши қўшничилик, прагматизм ва ўзаро манфаат тамойилларини устувор деб ҳисоблашини таъкидлади.