Ўзбекистонда 2025 йил май ойида ойлик инфляция 1,5 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси ҳисоботида маълум қилинди. Апрел ойига нисбатан инфляция суръати икки баробарга тезлашиб, 2024 йил июнидан буёнги энг юқори даражага етди. Январ ойидан буён умумий нархлар ўсиши 4,4 фоизни ташкил этмоқда, дейилади Миллий статистика қўмитаси ҳисоботида.
Шу билан бирга, йиллик инфляция миқдори 8,7 фоизга тушиб, сўнгги 12 ойдаги энг паст даража сифатида қайд этилди. Бундай пасайишга асосий сабаб — 2024 йил майида энергия тарифларининг ошиши билан боғлиқ «юқори база» таъсирининг тугашидир.
Озиқ-овқат маҳсулотлари нархи мавсумий омиллар ҳисобига 0,8 фоизга арзонлашди. Айниқса, янги ҳосил ҳисобига сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар 10,7 фоизга тушди. Масалан, бодринг 61 фоизга, помидор 27 фоизга, карам 14 фоизга арзонлашган. Бироқ сабзи 15 фоизга қимматлашган.
Шунингдек, тухум (4 фоизга), гуруч (0,5 фоизга), парранда гўшти ва сут нархлари ҳам бир оз пасайди. Айни вақтда, шакар 2,2 фоизга, ёғ эса 4 фоизга қимматлади. Ноистеъмол товарлар нархи бир ойда ўртача 1,7 фоизга, йилликда эса 8,2 фоизга ўсди. Бунинг катта қисмини суюлтирилган газ (25 фоиз) ва автотранспорт учун метан (27 фоиз) нархининг кўтарилиши ташкил этди.
Тўланадиган хизматлар соҳасида инфляция май ойида 5,9 фоизга, йилликда эса 15,9 фоизга етди. Бу асосан электр энергияси нархининг ўртача 18,8 фоизга, газ нархининг эса 39,2 фоизга кўтарилиши билан боғлиқ.
Транспорт хизматлари 1 фоизга қимматлашди — автомобил йўлларида 2,4 фоиз, темир йўлларда 0,1 фоиз ўсиш кузатилди. Аммо Uzbekistan Airways ички рейслари учун янги тарифлар фонида авиачипталар 5,4 фоизга арзонлашди.
Аввалроқ Ўзбекистон Марказий банки 2025 ва 2026 йиллар учун инфляция бўйича прогнозларини ёмонлаштиргани маълум қилинган эди.