Ангренда синтетик метан ишлаб чиқарувчи биринчи қурилма ишга туширилди

02.06.2025 16:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятидаги Ангрен шаҳрида Ўзбекистонда илк бор синтетик метан ишлаб чиқарувчи қурилмалар ишга туширилди. 

Angren

Ўзбекистонда синтетик метан ишлаб чиқариш бўйича илк лойиҳа амалга оширилди. «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Япониянинг «ITO Corporation» компанияси ўртасидаги ҳамкорлик доирасида Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги «Янгиобод» маҳалласини пилот ҳудуд сифатида танлаб олинди.

Лойиҳа доирасида «ITO Corporation» томонидан ишлаб чиқилган замонавий технологиялар асосида пропан ва ҳаво аралашмасидан синтетик метан газини олувчи қурилмалар ўрнатилди. Мазкур технология синов тариқасида ишга туширилиб, маҳалладаги бир нечта кўп қаватли уйларни газ билан таъминлашда қўлланилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади — мамлакатда энергия самарадорлигини ошириш ва экологик тоза технологияларни кенг жорий этиш ҳисобланади. Ушбу ташаббус Япония Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазирлиги кўмагида амалга оширилаётгани ҳам лойиҳа аҳамиятини оширади.

Ҳозирда «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ва Япония компанияси мазкур технологияни республика бўйлаб кенг жорий этиш ва амалиётни оммалаштириш юзасидан иш олиб бормоқда. Келгусида лойиҳа доирасида яна кўплаб ҳудудларда шундай қурилмалар ўрнатилиши кўзда тутилган.

Бундай лойиҳалар Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергия манбаларини кенгайтириш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтиришга хизмат қилади.