АҚШга Мексика орқали ноқонуний кирганлар жиноий жавобгарликка тортилади

02.06.2025 18:40 | 3 дақиқада ўқилади.

АҚШ Миграция хизмати 28 май куни мамлакат чегараси ва миграция сиёсатига оид муҳим ўзгаришларни эълон қилди. Янги тартибларга кўра, Мексика орқали АҚШга ноқонуний йўл билан кирган фуқаролар жиноий жавобгарликка тортилади ва депортация қилинади.

Amerika

«Dunyo» АА хабарига кўра, ушбу чора-тадбирлар чегара назоратини кучайтириш ва қонунсиз муҳожирликка чек қўйишни кўзлайди. Шу муносабат билан АҚШ Қуролли Кучлари Президент Трамп буйруғи асосида Жанубий чегарадаги назоратни таъминлашга жалб этилди. Армия юрисдикциясидаги махсус ҳудудларда ноқонуний киришга уринишлар тўлиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

Иммиграция қонунларини бузган шахслар жаримага тортилади, визасидан маҳрум этилади ёки мамлакатдан чиқариб юборилади. Уларга нисбатан АҚШга қайта кириш тақиқланади. Бундан ташқари, муҳожирларга кўмак берган шахсларга нисбатан ҳам визавий чекловлар ва жиноий таъқиблар белгиланган.

Қонун бузган муҳожирларга «CBP Home App» орқали ўз хоҳиши билан АҚШни тарк этиш имкони берилади. Шу билан бирга, АҚШ ҳукумати қонуний йўл билан келган муҳожирларни қўллаб-қувватлашда давом этади, аммо визани бузиш ҳолатлари депортацияга олиб келади.

Миграция сиёсатини кучайтириш мақсадида муҳожирлар контрабандаси билан шуғулланган гуруҳлар террористик ташкилот сифатида тан олинган. Шунингдек, ўз фуқароларини қайтариб олишдан бош тортган давлатлар фуқароларига АҚШга киришда чекловлар жорий этилади.

АҚШ ҳукумати хорижий давлатларни ўз фуқароларини хабардор этишга чақиради. Бу орқали келгуси ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсад қилинган.