Байкалорти ўлкасида Ўзбекистон мева-сабзовот маҳсулотлари учун логистика маркази ташкил этилади

02.06.2025 15:10 | 4 дақиқада ўқилади.

Байкалорти ҳудудида Ўзбекистон мева-сабзавотларини қабул қилувчи транспорт-логистика маркази ташкил этилади. Бу ташаббус икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, айниқса агросаноат соҳасини ривожлантириш мақсадида илгари сурилмоқда.

Baykalorti

Байкалорти ўлкаси ҳукуматининг кенгайтирилган йиғилишида Ўзбекистоннинг Бош консули Аслам Акбаров иштирок этди. Учрашувда Қишлоқ хўжалиги, ижтимоий ривожланиш, иқтисодиёт, инфратузилма, макон режалаштириш, таълим ва илм-фан, маданият ва бошқа соҳалар раҳбарлари иштирок этди.

Йиғилишда икки мамлакат ўртасида агросаноат, таълим ва маданият соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Асосий эътибор ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Байкалорти ҳудудига етказиб беришни кенгайтириш ва бу мақсадда йирик логистика маркази ташкил этишга қаратилди. Ушбу марказ кунига 50 тача юк машинасини қабул қилиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, Забайкалье ҳудудидан Ўзбекистонга йирик ва майда шохли моллар экспортини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. Россия томони ўзбек қуритилган маҳсулотлар, айниқса қуритилган олхўрига бўлган талаб сезиларли ўсиб бораётганини қайд этди.

Икки томон аграр таълим, мутахассислар ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, ўзбекистонлик ихтисослашган кадрларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди. Хусусан, ветеринар, ҳайдовчи ва бошқа соҳалардаги мутахассисларга эҳтиёж катта экани айтилди.

Байкалорти ўлкасида иссиқхона хўжаликларини ривожлантиришда ўзбек тажрибасидан фойдаланишга қизиқиш билдирилди. Шу муносабат билан Байкалорти тадбиркорларини Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудларига бизнес-миссия сифатида юбориш таклифи билдирилди.

Шунингдек, туризм соҳасида ҳамкорликни кенгайтириш, Чита шаҳрида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти, миллий таомлари ва ижодий жамоалар чиқишларини ташкил этиш режалари ҳам кўриб чиқилди. Қолаверса, Байкалорти ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик ва шаҳарлар ўртасида қардошлик муносабатларини йўлга қўйиш ташаббуси ҳам қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш якунида соҳавий вазирликлар раҳбарларидан иборат қўшма ишчи гуруҳ тузишга келишиб олинди.