Британия Россия таҳдидига қарши 12 та атом сув ости кемаси қурмоқчи

02.06.2025 14:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Буюк Британия ҳукумати Россиядан келаётган хавфларга қарши курашиш мақсадида 12 та янги атом сув ости кемаси қуриш режасини эълон қилди. Ушбу лойиҳа AUKUS ҳарбий иттифоқи доирасида амалга оширилади.

Uk

Буюк Британия мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 12 та SSN-AUKUS типидаги янги атом сув ости кемаларини қуришини маълум қилди. Бу ҳақда «ТАСС» агентлиги хабар берди.

Ушбу кемалар AUKUS — Австралия, Буюк Британия ва АҚШ ўртасидаги ҳарбий иттифоқ доирасида ишлаб чиқилади. Улар ядровий ҳаракатлантирувчи қурилма ва оддий қуроллар билан жиҳозланади. Янгиланган флот Британия ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Буюк Британия мудофаа вазири Жон Хилининг таъкидлашича, мамлакат сув ости кучлари доимий жанговар навбатчиликда иштирок этмоқда. У Россиядан келаётган таҳдидлар кучайиб бораётганини қайд этиб, уларнинг олдини олиш учун қатъий чоралар кўрилиши зарурлигини билдирди.

Бу қарор 2 июнь куни Буюк Британия бош вазири Кей Стармер томонидан тақдим этилиши кутилган мудофаа масалалари бўйича стратегик шарҳ тақдимоти арафасида эълон қилинди. Тақдимотда мудофаани кучайтиришга оид 62 та тавсия ва мамлакат хавфсизлигига асосий таҳдидлар келтирилган.

Ҳисоботда таъкидланишича, Британия қуролли кучлари мамлакатни замонавий хавф-хатарлардан ҳимоя қилишга тўлиқ шай ҳолатда экани кўрсатиб ўтилган.