Чеченистонда ногиронликни сохталаштириш бўйича Россияда энг юқори кўрсаткич аниқланди

02.06.2025 11:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра Чеченистон сохта ногиронлик ҳолатлари бўйича мамлакатда етакчига айланган. Бундай ҳолатлар нафақа ва имтиёзлар олиш мақсадида амалга оширилаётгани айтилмоқда.

Checheniya

Бу борадаги маълумотлар Давлат тиббий-ижтимоий экспертиза маркази ҳисоботига асосланади.

Таъкидланишича, Чеченистонда тиббий-ижтимоий комиссиялар томонидан берилган ногиронлик мақомига эга шахслар сони реал тиббий кўрсаткичлар билан мос келмайди. Вазирликнинг маълум қилишича, кўп ҳолларда бу каби сохта ногиронлик мақомлари давлат нафақалари ва турли имтиёзлардан фойдаланиш мақсадида қўлга киритилган.

Масалан, Грозний шаҳрида айрим шахслар шифокорлар билан тил бириктириб, асоссиз равишда ногирон деб топилгани қайд этилган. Шу билан бирга ногиронлик мақоми олишга қаратилган коррупциявий схемалар ҳам фош қилинган.

Мутахассислар бундай ҳолатлар мамлакат тиббий-ижтимоий тизимига путур етказаётганини таъкидламоқда. Шу сабабли вазирлик сохта ногиронлик ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича махсус текширувлар ўтказишни бошлаган.

Бошқа ҳудудлар билан таққослаганда Чеченистонда бу ҳолатлар нисбатан кўпроқ кузатилмоқда. Мутасаддилар фикрича, нафақаларга муҳтожлик ва назоратсизлик бу жараёнга туртки бўлаётган асосий омиллардан ҳисобланади.