Мутасадди органлар ва энергия таъминоти корхоналари иштирокида ўтказилган назорат тадбирларида май ойи давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ жиддий ҳолатлар аниқланган.
Жумладан, 229 та ҳолатда 35,6 миллион кВтсоат электр энергияси ва 13,2 миллион метр куб табиий газ ўзлаштирилган. Бунинг оқибатида давлат бюджетига умумий ҳисобда 94 миллиард 887 миллион сўм зарар етказилган.
«Ўзэнергоинспекция» маълумотларига кўра, бу ҳолатлар асосан аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кузатилган. Электр ва газ таъминоти тизимларига ноқонуний уланишлар, ҳисоблагичларни бузиш ёки атрофдан яшириш каби ҳолатлар асосий қоидабузарликлар сифатида қайд этилган.
Бундан ташқари, 448 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳолати расмийлаштирилиб, айбдор шахсларга нисбатан белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари кўрилган. Ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Мутахассислар бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун профилактик ишлар кучайтирилиши лозимлигини таъкидламоқда. Энергия ресурсларидан оқилона ва қонун доирасида фойдаланиш фуқаролар зиммасидаги масъулиятдир.