Фарғонада 153 млн сўмлик кредит фирибгарлиги фош этилди

02.06.2025 14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Фарғонада Халқ банки ходимлари ва ҳоким ёрдамчилари бошқа фуқаролар номига сохта ҳужжатлар орқали 153 миллион сўмлик кредит ажратиб, маблағни талон-торож қилгани аниқланди.

Kredit

Фарғона вилоятида Халқ банки ходимлари ва икки нафар туман ҳокими ёрдамчилари томонидан йирик миқдордаги кредит маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштириш ҳолати аниқланди. Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу шахслар устидан жиноят иши қўзғатилди.

Маълум қилинишича, Халқ банкининг Ўзбекистон банк хизматлари марказида ишловчи маҳалла банкири ва бошқарувчининг ўринбосари аввалдан тил бириктириб, икки нафар фуқаро номига 66 миллион сўмлик кредит ажратиш орқали 10 миллион сўм пора талаб қилган. Маҳалла банкири айнан пора олаётган пайтда қўлга тушган.

Текширувлар давомида ушбу шахслар аввалроқ ҳам пора олгани маълум бўлди — банк ходими 600 минг сўм, унинг раҳбари ўринбосари эса 920 минг сўмни олган.

Бундан ташқари, ушбу мансабдорлар икки нафар ҳоким ёрдамчиси ва хусусий корхона раҳбари билан ҳамкорликда бошқа фуқаролар номига сохта ҳужжатлар тайёрлаб, умумий 153 миллион сўмлик кредит маблағини ажратишга эришган. Ажратилган маблағлар нақд пулга айлантирилиб, шахсий манфаатлар йўлида ишлатилган.

Айбланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди (фирибгарлик, мансабдор шахслар томонидан такрорий равишда ёки бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб амалга оширилган ҳолда) бўйича жиноят иши очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эътиборлиси, мазкур ишда айбланаётган марказ бошқарувчиси ўринбосари аввал 2000 ва 2015 йилларда ҳам шунга ўхшаш жиноятлар — фирибгарлик ва пора олиш билан судланган бўлган.