Фарғоналик фуқаро 16 кг наркотик ва қурол сақлагани учун 15 йилга қамалди

02.06.2025 16:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Фарғона вилоятида 41 ёшли фуқаро ҳужум қуроли ва 16 кгдан ортиқ наркотик моддалар сақлагани аниқланди. Суд уни контрабанда ва гиёҳванд моддаларни сақлаш айблари билан 15 йил озодликдан маҳрум этди.

Qamoq

2024 йил ноябр ойида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Поп туманида Lacetti автомобили тўхтатилди. Машинада йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, 41 ёшли Данғара тумани фуқаросининг қўлидаги йўл сумкасидан 3 кг 887 г опий ва 9 килограмм 839 г гашиш аниқланди.

Текширув давомида аниқланишича, ушбу наркотик моддалар унга Тожикистон фуқароси бўлган шериги томонидан берилган. Тергов ҳаракатлари чоғида жиноятда гумонланувчининг Данғара туманидаги ер участкасидан яна 1 кг 902 гр опий ва 857 г гашиш, шунингдек, Макаров пистолети, икки дона магазин ва 18 та ўқ-дорилар топилди.

Суд тергов натижаларига асосланиб, айбланувчини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246-моддаси (Контрабанда) ва 273-моддаси (Гиёҳванд моддаларни ноқонуний сақлаш, сотиш ва тайёрлаш) бўйича айбдор деб топди. Суд ҳукмига кўра, у 15 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Мазкур ҳолат юзасидан видеоматериаллар ҳам тарқатилган бўлиб, жамоатчиликка ушбу жиноят ҳақида аниқ тасаввур беришга қаратилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бундай жиноятларга нисбатан қаттиқ чоралар кўрилишини яна бир бор таъкидлашди.