Лондонда жойлашган Hult International Business School вакиллари Ўзбекистон элчихонасида «Эл-юрт умиди» жамоат фонди билан ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилиш мақсадида расмий учрашув ўтказди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди.
Hult бизнес мактаби 1964 йилда ташкил этилган бўлиб, АҚШ, Буюк Британия ва БААдаги кампусларига эга. Мактаб халқаро бизнес, молия, бизнес таҳлиллари, маркетинг йўналишларида бакалавр ва магистратура (BBA, MBA, Executive MBA) дастурларини таклиф этади. У таълим сифатини халқаро даражада таъминловчи етакчи муассасалардан бири ҳисобланади.
Учрашув чоғида Hult вакиллари Ўзбекистонда олий таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, «Эл-юрт умиди» жамоат фондининг иқтидорли ёшларни хорижда таълим олишига кўмаклашишга қаратилган фаолияти эътироф этилди. Hult раҳбарияти мазкур фонд билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ўзбекистонлик талабалар учун янги имкониятлар яратишда қизиқиш билдирди.
Шунингдек, Hult бизнес мактаби дунёдаги энг обрўли бизнес-таълим муассасалари қаторида экани қайд этилди. Унинг таълим дастурлари AACSB, AMBA ва EQUIS аккредитацияларига эга бўлиб, Financial Times ҳамда QS халқаро рейтингларида юқори ўринларни эгаллаб келмоқда.
Бундай учрашувлар Ўзбекистон ёшлари учун дунё миқёсидаги таълимга кенг йўл очишга хизмат қилиши ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.