Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази матбуот хизматининг хабар беришича, 2024 йил май ойида кучга кирган ижтимоий истеъмол нормаси асосидаги янги тариф сиёсати жорий этилгач, республика бўйича 3,5 млн газ ва 8 млн электр энергияси абонентлари маълумотлари таҳлил қилинган.
Унга кўра, май–декабр ойларида электр энергияси истеъмоли 10,6 фоизга, яъни 1,3 млрд kWh га камайди. Айниқса ойига 10 минг kWh дан ортиқ энергия истеъмол қилувчи оилалар сони 80 мингдан 15 мингтагача қисқарди.
Табиий газ истеъмолида ҳам худди шундай динамика кузатилди: 2024 йилда абонентларнинг 58 фоизи 500 метр кубдан кам газ ишлатган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 54 фоизни ташкил этган. Бу эса тариф ошиши асосан юқори истеъмолчи қатламни қамраб олганини кўрсатади.
Энергия таъминоти сифатининг яхшиланиши ҳақида сўровда қатнашганларнинг ярми фикр билдирган. Сурхондарё, Сирдарё ва Наманганда электр таъминоти яхшиланганини билдирганлар сони 70 фоиздан юқори бўлди. Газ таъминотида эса Хоразм ва Жиззахда ижобий ўзгариш қайд этилган.
Уй хўжаликларининг 90 фоизидан ортиғи энергия тежаш учун камида бир чора кўрган. Уларнинг 87 фоизи LED ёритишга ўтган. Қашқадарё, Бухоро ва Хоразмда кўпчилик пластик дераза ва эшиклар ўрнатган. Жиззах, Навоий ва Қорақалпоғистонда кўплаб хонадонлар энергия тежовчи маиший техника харид қилган.
Қуёш энергиясидан фойдаланиш ҳам ортиб бормоқда. Республика бўйлаб 64 минг хонадонда 223,4 MWh қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилган. Бу 313 млн kWh электр энергияси ишлаб чиқариш ва 104 млн куб метр газ тежаш имконини берди. 1,9 млн уй хўжалигида қуёш панелларига талаб мавжуд, бу ички бозорда 2,3 млрд долларлик салоҳиятни кўрсатмоқда.
Шу билан бирга, самарадорлиги паст қурилмалардан фойдаланиш сақланиб қолган, бу эса инфратузилмани янгилаш ва замонавий технологияларга ўтиш заруратини таъкидлайди, деб маълумот бермоқда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази.