Қизил китобга киритилган 15 бош илонни чегарадан олиб чиқмоқчи бўлишди

02.06.2025 18:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкент вилоятидаги «Навоий» чегара божхона постида жонзотлар контрабандасининг олди олинди. Қўшни давлат фуқароси 15 бош «шарқ бўғма илон»ни божхона рухсатисиз Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқишга уринган пайтда тўхтатиб қолинди.

Bugʻma ilon

Божхона органлари ва Экология вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу фуқаро йирик илонларни 10 литрли елим идишда яширинча ташишга уринаётгани фош қилинди. Аниқланишича, ушбу жонзотлар Ўзбекистонда фақат маълум табиий ҳудудларда учрайдиган, ноёб ва қўриқланувчи турлар сирасига киради.

Мутасаддиларнинг маълум қилишича, «шарқ бўғма илон» тури Ўзбекистон Республикасининг Қизил китобига киритилган. Уларнинг яшаш маконига Устюрт платоси, Қизилқум, Зарафшон водийси, Қарши чўли, Тошкент вилояти ва Фарғона водийси каби ҳудудлар киради.

Ушланган фуқарога нисбатан қонунбузарлик ҳолати юзасидан тегишли ҳуқуқий чоралар кўрилмоқда. Мутахассислар иштирокида ноёб жонзотлар Тошкент ҳайвонот боғига вақтинча сақлаш учун топширилди, дейилади Божхона қўмитаси хабарида.

Бундай ҳолатлар мамлакатда биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, ноёб турларни сақлаб қолиш ва уларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйиш йўлида жиддий назорат олиб борилаётганидан далолат беради.