Талимаржон станцияси сотилдими, 700 млн доллар қарзни ким тўлайди?

02.06.2025 18:00 | 4 дақиқада ўқилади.

Амирликларнинг «Mubadala» ва «TAQA» компаниялари Талимаржон электр станциясида 80 фоиз улушга эга бўлди. Бироқ 700 миллион долларлик қарз ва сотиб олиш шартлари атрофида ҳали ҳам кўп саволлар мавжуд.

Talimarjon

Ўзбекистондаги йирик иссиқлик электр станцияларидан бири бўлган Талимаржон станцияси атрофида қайтадан эътибор қаратила бошланди. ОАВдаги маълумотларга кўра, БААнинг ,«Mubadala» ва «TAQA» компаниялари станциянинг янги ташкил этилган Talimarjan Power Plant 1 қўшма корхонасида тегишли равишда 40 фоиздан улушга эга бўлди. Қолган 20 фоиз улуш эса «Talimarjan Issiqlik Elektr Stansiyasi» АЖга тегишли бўлади.

Ушбу қўшма корхона 2023 йил 1 март куни 109,7 млн сўм устав капитали билан рўйхатдан ўтган. Унга Россияда электр станцияларида иш тажрибасига эга бўлган Сергей Тазин раҳбарлик қилмоқда. Объектни бошқариш учун яна бир ташкилот — «Talimarjan Operations & Maintenance» ҳам тузилган ва унда ҳам улушлар худди шундай тақсимланган.

Энг эътиборли жиҳат шундаки, янги ташкил этилган Talimarjan Power Plant 1 компаниясидан 25 йил давомида электр энергиясини кафолатланган равишда Ўзэнергосотиш томонидан сотиб олиш кўзда тутилмоқда. Бу шарт қанча маблағни ўз ичига олиши, тўловлар қайси курс ва тартибда амалга оширилиши ҳақида расмий маълумот мавжуд эмас.

Бироқ жамоатчиликни янада кўпроқ қизиқтираётган масала — бу аввалроқ ушбу станция учун жалб қилинган 700 млн долларлик кредит тақдири. 2021 йилда ушбу маблағ ва 240 млн долларлик инвестиция билан бирга «Mubadala» ва «TAQA» компанияларига станция улуши берилгани эълон қилинганди. Энди эса янги келишув билан аввалги шартлар ўзгарганми-йўқми, номаълум.

Энергетика вазирлиги ёки Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳозирча ушбу йирик битим юзасидан расмий маълумот тарқатмади. Станцияга қилинган сармоя мақсадли ишлатилдими ёки самарасиз сарфландими, 700 млн доллар қарзни ким ва қай тартибда тўлайди — бу ҳам очиқ қолган саволлардан биридир.

Шунингдек, битим доирасида қайси қувватдаги объект сотилгани — бутун 1700 МВтли станциями ёки таъмири йиллар давомида чўзилган, танқидга учраган янги навбатми, аниқ эмас. Хусусий секторга йирик стратегик активлар берилар экан, тоза ва шаффоф маълумот тақдим этилиши айниқса муҳим.