Тошкентда юан айирбошлаш хизмати йўлга қўйилди

02.06.2025 13:00 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил 2 июндан бошлаб Тошкент шаҳридаги Миллий банк шохобчаларида Хитой юани билан валюта айирбошлаш хизмати бошланди. Бу хизмат Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги визасиз режим кучга кирганидан бир кун кейин йўлга қўйилди.

Yuan

1 июндан икки давлат фуқароларига 30 кунгача визасиз саёҳат қилиш ҳуқуқи берилган. Шу муносабат билан аҳоли ва хорижлик меҳмонлар учун қулайликлар яратиш мақсадида, юанни сотиб олиш ва сотиш имкони яратилаётгани айтиб ўтилди.

Тошкент халқаро аэропортидаги айирбошлаш шохобчалари куну тун фаолият юритади. Улар учиш ва келиш залларида жойлашган бўлиб, юолаучилар сафар олдидан юан харид қилишлари, қайтиб келганларида эса ортиқча юанни сўмга айирбошлашлари мумкин бўлади.

Миллий банк томонидан хизматларни қулай ва ҳамёнбоп қилиш мақсадида кўрилган бу чоралар мамлакатдаги молиявий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда туризм ва ташқи иқтисодий алоқаларни рағбатлантиришга қаратилган.

Банк расмий сайтида қайд этилишича, батафсил маълумот nbu.uz орқали тақдим этилади.