Юқори инфляция хавфи Ўзбекистон молия тизимидаги асосий хатарлардан бирига айланди

02.06.2025 15:20 | 3 дақиқада ўқилади.

Марказий банк сўровномасига кўра, геосиёсий хатарлардан сўнг, юқори инфляция хавфи Ўзбекистон молия тизими учун энг катта таҳдидлардан бири сифатида қайд этилди. У ярим йил ичида икки поғона юқорига кўтарилди.

Inflyatsiya

Ўзбекистон Марказий банки томонидан молия бозори иштирокчилари ўртасида ўтказилган навбатдаги сўровнома натижаларига кўра, инфляция хавфлари мамлакат молия тизими учун энг катта таҳдидлар рўйхатида иккинчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда регуляторнинг молиявий барқарорлик бўйича ҳисоботида маълум қилинган.

Сўровномада қатнашган мутахассисларнинг 53 фоизи геосиёсий хатарларни биринчи ўринда деб баҳолаган бўлса, 37 фоизи юқори инфляцияни асосий хавотирлардан бири деб топган. Қизиғи шундаки, олти ой аввал ўтказилган сўровда инфляция хатарлари тўртинчи ўринда эди.

Инфляция билан боғлиқ хавотирлар ошиши Марказий банкнинг бу соҳадаги сиёсатини қайта кўриб чиқиш эҳтимолини кучайтиради. Таҳлилчиларнинг фикрича, озиқ-овқат нархларининг ўсиши, импорт харажатларининг кўплиги ва ички бозордаги талабнинг кескин ортиши бунда асосий омил сифатида намоён бўлмоқда.

Тизимли хатарлар рўйхатидаги кейинги ўринларни валюта курсининг кескин ўзгариши (35 фоиз), аҳоли қарз юкининг ортиши (29 фоиз), банклар томонидан берилган кредитлар сифатининг ёмонлашиши (27 фоиз) ва кибер хавфсизлик билан боғлиқ муаммолар (24 фоиз) эгаллади.

Марказий банк ушбу хатарларни мунтазам равишда мониторинг қилиб боришини ва молиявий барқарорликни таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилишини маълум қилди.