Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бироқ маҳаллий банклар ушбу салоҳиятли сегмент билан тўлиқ иш олиб бормаяпти. Ҳозирча фақат 4-5 та тижорат банки ёшлар учун мослаштирилган молиявий маҳсулотлар, саводхонлик дастурлари ва рақамли хизматлар таклиф қилмоқда.
Мутахассисларнинг фикрича, ёшлар аудиториясига алоҳида ёндашув талаб этилади. Уларга қулай интерфейс, тезкор хизматлар, масофавий таълим платформалари ва фойдали молиявий маслаҳатлар зарур. Бу фақат қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли мижозлар базасини шакллантиришга хизмат қилади.
Молия соҳаси рақобати кучайиб бораётган бир пайтда, банклар ёшларнинг эҳтиёжларига мослашмас экан, улар бошқа финтех ечимларга ўтиб кетиш хавфи ортиб боради. Шундай экан, келажакни қураётган ёшларга ҳозирдан етарли эътибор бериш — банклар учун стратегик устуворликдир.