2030 йилгача 30 ёшгача бўлганлар дунё капиталининг асосий эгасига айланади

03.06.2025 10:21 | 2 дақиқада ўқилади.

Дунё бўйлаб 30 ёшгача бўлганлар молиявий жиҳатдан энг фаол гуруҳга айланмоқда. KPMG’нинг «Global Digital Banking Trends & Insights 2025» ҳисоботига кўра, 2030 йилгача ёшлар даромади 400 фоизгача ўсади ва уларнинг жами капитали 84 трлн долларга етади.

Yoshlar va bank

Ўзбекистонда ҳам аҳолининг ярмидан кўпини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этади. Бироқ маҳаллий банклар ушбу салоҳиятли сегмент билан тўлиқ иш олиб бормаяпти. Ҳозирча фақат 4-5 та тижорат банки ёшлар учун мослаштирилган молиявий маҳсулотлар, саводхонлик дастурлари ва рақамли хизматлар таклиф қилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ёшлар аудиториясига алоҳида ёндашув талаб этилади. Уларга қулай интерфейс, тезкор хизматлар, масофавий таълим платформалари ва фойдали молиявий маслаҳатлар зарур. Бу фақат қисқа муддатли эмас, балки узоқ муддатли мижозлар базасини шакллантиришга хизмат қилади.

Молия соҳаси рақобати кучайиб бораётган бир пайтда, банклар ёшларнинг эҳтиёжларига мослашмас экан, улар бошқа финтех ечимларга ўтиб кетиш хавфи ортиб боради. Шундай экан, келажакни қураётган ёшларга ҳозирдан етарли эътибор бериш — банклар учун стратегик устуворликдир.