АҚШда иммиграция сиёсати кучайтирилди ва янги чекловлар жорий этилди

03.06.2025 13:40 | 4 дақиқада ўқилади.

АҚШ расмийлари 2025 йил 28 май куни ноқонуний миграцияга қарши курашиш ва мамлакатга қонуний кириш-чиқишни тартибга солиш бўйича янги чоралар жорий этилганини эълон қилди. Бу ўзгаришлар АҚШга сафар қилувчи чет эл фуқаролари учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин.

Aqsh

АҚШ иммиграция ва чегара назорати бўйича сиёсатини қайта кўриб чиқиб, янги чекловларни жорий этди. Бу ҳақда «Dunyo» ахборот агентлиги хабар берди. Янги қоидаларга кўра, мамлакатга ноқонуний йўл билан кириш, визани бузиш ёки белгиланган муддатдан ортиқ қолиш ҳолатларига нисбатан қаттиқ жазо чоралари кўрилади.

Айни пайтда, Америка Қўшма Штатларига қонуний асосда келганлар қўллаб-қувватланиши, аммо ҳар қандай қонун бузилиши визанинг бекор қилиниши ва депортация билан якун топиши таъкидланди. Мамлакатга яна киришга доимий тақиқ қўйилиши ҳам мумкин.

Қонунбузар шахслар учун АҚШни ихтиёрий тарк этиш имконияти сақланиб қолади. Бу жараённи «CBP Home App» орқали амалга оширганлар молиявий рағбат билан таъминланади. Шу билан бирга, АҚШда янги тайинланган махсус ҳарбий назорат ҳудудларига ноқонуний кириш ҳолатлари тўлиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Миграция қоидаларини бузганлар қаторида АҚШда жиноят содир этган чет эл фуқароларига нисбатан ҳам жазо чоралари кучайтирилди. Шунингдек, ноқонуний миграцияни ташкил қилувчи ёки унга ёрдам берадиган шахслар ва гуруҳлар ҳам янги визавий чекловлар ва санкцияларга дуч келмоқда. Айрим жиноий гуруҳлар ҳатто террористик ташкилотлар деб эътироф этилди.

АҚШ ҳукумати ўз фуқароларини қайтариб олишдан бош тортган давлатларга нисбатан қатъий чоралар кўришини билдирган. Бу мамлакатлар фуқароларига АҚШга киришда жиддий чекловлар қўйилиши мумкин.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу ўзгаришлардан сўнг АҚШга бормоқчи бўлган фуқароларни эҳтиёткорликка чақирди. Аввалроқ, 30 апрел куни қонуний асосларсиз АҚШда бўлган юзлаб фуқаролар махсус чартер рейси орқали Нью-Йоркдан Тошкентга олиб келинган эди. Улар орасида Қозоғистон ва Қирғизистон фуқаролари ҳам бўлиб, кейинчалик ўз давлатларига жўнаб кетишган.