2025 йил 3 июн куни Британия расмийлари россиялик миллиардер Роман Абрамовичга нисбатан суд ишини бошлаш эҳтимоли борлигини эълон қилди. Бу ундан «Челси» футбол клубини сотишдан тушган 2,5 млрд фунт стерлингни фақат Украинада ишлатишга рухсат бериш талабига боғлиқ.
Ҳозирда ушбу маблағлар Буюк Британиядаги банк ҳисоб рақамида музлатилган ҳолда сақланмоқда. Санкциялар туфайли Абрамович бу пулларга тўғридан-тўғри етиб бора олмайди, аммо улар ҳали-ҳануз юридик жиҳатдан унинг мулки ҳисобланади.
Британия ҳукумати бу маблағларни фақат Украина ҳудудидаги тиклаш ишлари, инфратузилмани қайта қуриш ва урушдан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун ишлатишни хоҳламоқда.
Аммо BBC News ёзишича, Абрамович бу маблағлар «Украинадаги барча қурбонлар», жумладан Россиядаги уруш жабрланувчилари учун ҳам йўналтирилиши керак, деган фикрда қолмоқда.
Абрамовичнинг вакиллари аввалроқ бу маблағлар у назоратида эмаслигини, Британия ҳукумати уларни қандай сарфлашни мустақил ҳал қилиши мумкинлигини билдирган эди.
Британия расмийлари шундай деган: «Биз ҳануз музокаралар учун очиқмиз, аммо зарур бўлса, судга мурожаат қилишга тайёрмиз». Воқеа Британиянинг Россияга нисбатан қатъий молиявий санкциялар сиёсатидаги навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.