Ҳонгконг Фан ва технологиялар университети тадқиқотчилари DeepSeek-R1 моделини тиббиёт соҳасида текшириб, унинг имкониятларини таҳлил қилди. Gene Online манбасига кўра, ушбу модель тиббий қарорлар қабул қилишда аниқ ва асосли ечимлар таклиф эта олади. Шунингдек, у шифокорлар учун шахсийлаштирилган тавсиялар тузиш ва талабалар учун интерактив ўқув материаллари яратишда фойда беради.
Тадқиқот давомида Шандонг университети ва South China Hospital ушбу моделдан амалиётда муваффақиятли фойдаланган. Уларнинг фикрича, DeepSeek-R1 клиник жараёнларда самарали қўлланилиши мумкин.
Шу билан бирга, модел ҳозирча фақат матнли маълумотлар билан ишлайди. У баъзи ҳолатларда нотўғри маълумотлар — «галлюцинациялар» тақдим этиши мумкин. Лекин унинг очиқ кодли ва арзонлиги, шунингдек осон жорий этилиши DeepSeek-R1’ни тиббиёт соҳасидаги сунъий интеллект ривожи учун муҳим воситага айлантирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда маданият соҳасида ҳам сунъий интеллектдан фойдаланиш лойиҳалари ҳақида хабар берилган эди.