«Disney» дунё бўйлаб яна юзлаб ходимларини қисқартирмоқда

03.06.2025 17:00 | 3 дақиқада ўқилади.

«Disney» компанияси бутун дунё бўйлаб кино, телевидение ва молия бўлимларида фаолият юритаётган юзлаб ходимларни ишдан бўшатишини эълон қилди. Бу қарор компания харажатларини қисқартириш режасининг давомидир.

Disney

Американинг етакчи кўнгилочар компанияси «Disney» дунё бўйлаб яна юзлаб ходимларни ишдан бўшатишини маълум қилди. Бу сафар қисқартиришлар асосан компаниянинг кино, телевидение ва корпоратив молия бўлимларига таъсир қилади.

«Disney» матбуот котибининг таъкидлашича, «тармоқдаги ўзгаришлар ва рақобат шароитида компания бизнесни самарали бошқаришга қаратилган чораларни кўрмоқда». Қисқартиришлар тартибли ва эҳтиёткорлик билан амалга оширилаётгани, бирор бир бўлим тўлиқ ёпилмаслиги алоҳида қайд этилди.

Мазкур қисқартиришлар 2023 йилдаги йирик озод этиш жараёнининг давомидир. Ўшанда «Disney» бош директори Боб Айгер раҳбарлигида 7 000 нафар ходим ишдан бўшатилиб, компания 5,5 млрд доллар иқтисод қилишни мақсад қилган эди.

«Disney» ўз таркибида Marvel, Hulu ва ESPN каби етакчи компанияларни ҳам бирлаштирган ҳолда, глобал кўнгилочар бозорда катта ўринни эгаллаб келмоқда. Компаниянинг умумий ходимлари сони 233 минг нафарни ташкил этади, шулардан 60 минг нафари АҚШдан ташқарида фаолият юритади.

Бошқа томондан, «Disney» 2025 йилнинг илк чорагида кутилганидан юқори натижаларга эришди. Жами даромад 23,6 млрд долларни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга ўсди. Бу ўсишга «Disney+ стриминг» хизматининг янги обуначилари ҳисса қўшган.

Компания жорий йилда «Капитан Америка: Янги дунё» ва «Қорбобо» каби фильмларни намойиш қилди. Айниқса, «Лило ва Стич» фильми Memorial Day байрам кунлари АҚШда рекорд даражадаги касса тушумларини қайд этди. Мазкур анимацион филм май ойидан буён бутун дунё бўйлаб 610 млн долларлик чипта сотувига эришган.