Эҳтиёт бўлинг, фирибгарлар: қарияларимизни улардан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

03.06.2025 15:27 | 5 дақиқада ўқилади.

Octobank интернет фирибгарлик ҳолатлари ва улардан қандай ҳимояланиш ҳақида хабардорликни оширишда давом этади. Бугунги кунда айниқса ёши катта инсонлар молиявий жиноятларнинг асосий нишонига айланган.

Octobank pr

Ушбу мақолада — нега бу гуруҳ кўпроқ хавф остида ва қандай чоралар билан уларни ҳимоя қилиш мумкинлиги ҳақида сўз юритамиз.

Нега ёши катта инсонлар кўпроқ қурбон бўлишади?

Ёш кексайгани сайин инсоннинг янги технологияларга мослашуви секинлашади. Рақамли хизматларга ишончсизлик, киберхавфлар ҳақида етарли кўникма ва билимнинг йўқлиги ва ортиқча хавотир — буларнинг барчаси ёши катталарни фирибгарлик учун қулай нишонга айлантиради. Рақамлар ҳам шуни тасдиқлайди: Ўзбекистонда кибержиноятларнинг 98 фоизи банк карталари билан боғлиқ.

 Фирибгарлар қандай ҳаракат қилади?

Фирибгарлар одамни алдашда психологик босим ва ишонч уйғотиш методларидан фойдаланади. Энг кўп учрайдиган схемалар қуйидагича:

  • «Фарзандингиз автоҳалокатга учради»

Ёлғон қўнғироқлар орқали ўзини қариндош деб таништириб, йиғи аралаш овоз билан ёрдам сўрашади. «Пулни курйерга беринг» каби шошилинч талабларга урғу берилади.

  • «Коммунал хизматдан қарзингиз бор»

Жиноятчилар «газ» ёки «электр энергияси» учун тўланмаган қарз борлигини ҳамда ҳисоб рақамларига пул ўтказишни сўрашади. Аслида эса тўлов қилинмайди ва пуллар фирибгарлар томонидан ўзлаштирилади.

  • «My.gov.uz иловасини янгиланг»

Давлат иловалари ниқоби остида зарарли дастурлар тарқатилади. Фойдаланувчи шахсий маълумотларини (карта рақами, пароллар) ўзи билмаган ҳолда фирибгарларга бериб қўяди.

 Кексаларни қандай ҳимоя қилиш мумкин?

  1. Техник ҳимоя ўрнатинг
  • Мобил банк ва бошқа иловаларда икки босқичли аутентификация ёқинг. Бу фирибгарлар томонидан рухсациз киришнинг олдини олади.
  1. Ҳуқуқий воситалардан фойдаланинг
  • Кредит олишни автоматик тақиқлаш функциясини my.gov.uz орқали фаоллаштиринг. Бу чора банкка ташриф бўлмасдан туриб кредит расмийлаштиришни чеклайди.
  • Молиявий ишончнома тузиш орқали яқинларингизга сизнинг номингиздан молиявий ишларни юритиш ҳуқуқини берасиз — бу учинчи шахсларнинг аралашувисиз амалга оширилади.
  1. Ахборот ва кўникма беринг
  • Фирибгарлик схемалари ҳақида аниқ ва содда тилда тушунтиринг.
  • Маҳалла ёки кутубхонада рақамли саводхонлик курсларига жалб қилинг.
  • Марказий банк томонидан тайёрланган фирибгарликни аниқлаш бўйича босқичма-босқич кўрсатмалар берилган ахборот рисолаларидан фойдаланинг.

Кексалар ушбу фойдали маълумотлардан қанчалик кўп хабардор бўлишса — уларнинг фирибгарлар тузоғига тушиш эҳтимоли шунча кам бўлади. Улар билан хотиржам ва мулоқотда бўлинг, телефонлари ва иловаларини созлашда ёрдам беринг. Энг муҳими — ёнларида бўлинг.

Аввалроқ Octobank фирибгарлар сунъий интеллектдан қандай фойдаланаётганини, улар болалар билан қандай алоқа ўрнатишини ҳамда сохта сайтлар орқали маълумотларни қандай қўлга киритишини тушунтириб берган эди.