Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш соҳасида амалга оширилаётган лойиҳалар орқали салмоқли иқтисодий фойдага эришиш мумкин. Хусусан, кўп хонадонли уй-жойларда ташқи деворларни изоляциялаш, эшик ва деразаларни алмаштириш, иситиш тизимларини яхшилаш орқали йилига 60 млн доллардан ортиқ маблағ тежалиши мумкин.
Жаҳон банкининг таҳминларига кўра, ижтимоий соҳа объектлари — мактаблар, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия самарадорлигини ошириш орқали энергия истеъмолини 20−50 фоизга камайтириш мумкин. Бу 7,1 млрд kWh электр энергияси тежалишига хизмат қилади.
Бундан ташқари, мазкур чоралар ҳар йили атмосферага чиқариладиган карбон гази ҳажмини 780 минг тоннагача қисқартириш имконини беради. Мамлакатда фаоллашиб бораётган углерод квоталари бозорида бу ортиқча квоталарни сотиш имконини оширади ва йилига 50 млн долларгача даромад келтириши мумкин.
Энергетика соҳасидаги бу ислоҳотлар инфратузилмани янгилаш ва бозор тамойиллари асосида самарали тизимга ўтишни кўзда тутади. Бу нафақат иқтисодий, балки экологик барқарорликка ҳам хизмат қилмоқда.
Мутасаддиларнинг фикрича, лойиҳаларда маҳаллий аҳоли ва ташкилотларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирларнинг самарадорлигини янада оширади. Бу эса мамлакатнинг барқарор ривожланишига ҳисса қўшади.