Германияда фуқаролик олиш рекорд даражага етди

03.06.2025 14:40 | 2 дақиқада ўқилади.

2024 йилда Германия фуқаролигини олган хорижликлар сони 250 минг нафарга яқинлашди. Бу мамлакатда ягона статистика юритила бошлаган 2000 йилдан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Germaniya

«Welt» нашри ёзишича, ушбу ўсиш Германия ҳукумати томонидан қабул қилинган янги қонунлар натижаси бўлиб, улар фуқаролик олиш жараёнини анча енгиллаштирган. Хусусан, мигрантларга аввалги фуқаролигини сақлаб қолган ҳолда Германия паспортини олиш имкони берилган.

Олинган маълумотларга кўра, 2024 йилда фуқаролик олганлар сони 2023 йилга нисбатан 50 минг нафарга кўп. Уларнинг аксарияти Сурия ва Туркиядан келган. Ушбу мамлакатлардан келганлар Германиядаги муҳожирлар оқимида устувор ўринни эгаллаётгани қайд этилган.

Шу билан бирга, мамлакатда 8 йилдан кам яшаган муҳожирлар сонида катта ўзгариш кузатилмаган. Бошқа томондан, кўпгина янги фуқаролар аввалги муҳожирлик мақоми давомида муқим яшаб, ишлаган ва интеграция жараёнларида фаол иштирок этган.

Федерал маълумотларга кўра, мазкур маълумотлар ҳозирча 16 та федератив штатдан 13 тасига тааллуқли бўлиб, умумий рақамлар янада кўпайиши мумкин. Германия ҳукумати қонунчиликни янада либераллаштиришни кўзлаётгани боис, яқин йилларда бу кўрсаткич яна ошиши эҳтимолдан холи эмас.