Американинг Climate Central нодавлат ташкилоти 195 мамлакатдаги об-ҳаво маълумотларини таҳлил қилиб, 2024 йил 1 майдан 2025 йил 1 майгача ер юзи аҳолисининг ярми — тахминан 4 миллиард кишини қамраб олган аномал иссиқ кунлар сонини аниқлади. Ташкилот ҳисоботида жами 67 та иссиқлик тўлқини қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси глобал иқлим ўзгаришлари билан бевосита боғлиқ экани таъкидланган.
Аномал иссиқ кунлар — бу 1991–2020 йиллардаги ўртача ҳароратдан 90 фоиз юқори бўлган кунлар сифатида белгиланган. Энг кучли иссиқлик тўлқинлари Жанубий Америка, Осиё, Африка ва Океанияда кузатилган.
Аруба ороли энг кўп зарар кўрган ҳудудлардан бири бўлди — у ерда аномал иссиқлик 187 кун давом этган. Оролда 119 минг киши истиқомат қилади.
Энг оғир иссиқлик тўлқинларидан бири 2024 йил май ойида Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёда кузатилди. Таиланд ва Филиппинда ҳаво ҳарорати 50°C даражадан ошди. Бангладешда иссиқлик сабабли одамлар ҳалок бўлди, мактаблар ёпилди ва иссиқ уришлари оммалашди. Олимлар бундай ҳаво шароити иқлим ўзгариши туфайли 69 баравар эҳтимоллироқ бўлганини аниқлашди.
Лондон Империя колледжи олимаси Фридерике Отто таъкидлашича, «иқлим ўзгариши бугунги кундаёқ мавжуд ва у одамларни ўлдирмоқда. Ҳар бир ёқилган нефть баррели, ҳар бир чиқарилган углекислота тоннаси инсон ҳаётига хавф солмоқда».
Европанинг Copernicus хизмати маълумотларига кўра, 2024 йил тарихдаги энг иссиқ йил бўлган. Ўртача глобал ҳарорат илк бор индустриал давргача бўлган даражадан 1,5°C юқорига кўтарилди. Шу билан бирга, океанлар сирти ҳарорати ҳам рекорд даражада — 20,87°C бўлган.