Жанубий Корея Тошкент-Андижон пулли йўли қурилиши лойиҳасини амалга оширишда Ўзбекистонга ёрдам бериш ниятида эканини маълум қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
ITS Asia Pacific Forum 2025 форуми доирасида транспорт вазири ўринбосари Илҳомжон Абдуғафоров Кореянинг Ер, инфратузилма ва транспорт вазири Пак Санг Ву ҳамда Korea Expressway Corporation (KEC) президенти Хам Жинг Ю билан музокаралар ўтказди. Учрашувда транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Корея томони Ўзбекистонда «ақлли» светофорлар, сунъий интеллектга асосланган ҳаракатни бошқариш тизимлари, «ақлли» толлинг ва ITS сенсорларини жорий этишни таклиф қилди. Шунингдек, мамлакатда йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, мониторинг ва бошқарув имкониятларини ошириш юзасидан ҳамкорлик таклиф этилди.
Тарафлар Тошкент-Андижон пулли автомагистрал қурилиши бўйича давлат-хусусий шериклик (DXШ) доирасида KEC корпорациясининг иштирокини таъминлаш масаласини ҳам муҳокама қилди. Мазкур лойиҳанинг биринчи босқичи — Тошкентдан Ангренгача бўлган 171 км йўл ва Қамчиқ довонини ўз ичига олади.
Жорий йил бошида лойиҳа бўйича тендер эълон қилинган бўлиб, унга 30 дан ортиқ халқаро компаниялар, жумладан, Meridiam каби йирик инвесторлар қизиқиш билдирган. Танлов муддати аввал 21 майгача белгиланган бўлса-да, кейинчалик яна бир ойга узайтирилди.
Аввалроқ Ўзбекистон Хитой билан йўл қурилиши стандартларини мувофиқлаштириш юзасидан ҳам келишувга эришган эди.