Жо Байденнинг жиддий касаллиги борасидаги ҳақиқатни кимлар яширди? — журналистлар суриштируви

03.06.2025 22:45 | 14 дақиқада ўқилади.

The Wall Street journal нашри журналисти Кимберли Штрассел Байденнинг соғлиғи ҳақида аниқ маълумотга эга бўлган, аммо сукут сақлаган шахсларнинг номларини очиқлади. «Энди, ёқимсиз воқеалар бирин-кетин ошкор бўлаётган бир пайтда, айбдорларни топиш осонлашди».

Biden

Журналистлар Алекс Томпсон ва Жейк Таппернинг «Асил гуноҳ» («Original Sin») номли китоби чоп этилди. Унда Жо Байден атрофидагилар унинг ҳолати ҳақида жамоатчиликдан ҳақиқатни қандай яширгани ва АҚШнинг собиқ президентини нохуш маълумотлардан қандай ҳимоя қилгани баён этилган.

Бу мавзуда ғарб матбуотида ҳам бир қатор мақолалар ва интервьюлар пайдо бўлди. The Wall Street Journal журналисти Кимберли Штрассел эса барча нашрларни умумлаштириб, айбдорларнинг номларини эълон қилди. Қуйида унинг WSJ нашридаги мақоласининг таржимаси келтирилади.

* * *

Жо Байденнинг ақлий ва жисмоний ҳолати ёмонлашгани ҳақидаги ҳар қандай гапларни йиллар давомида босиб келган сукут кодекси аслида умумий ҳаракатларнинг муваффақиятсизлиги бўлди. Демократлар ва матбуот Доналд Трампни тўхтатиш ва сайловда ғалаба қозонишга шунчалик киришиб кетишдики, натижада ҳақиқат ва мамлакат манфаатларини инкор этишди. Аммо энди, бу курашлар ютқазилган, «Асил гуноҳ» китоби сотувга чиққан ва Байденга рак ташхиси қўйилган бир пайтда, гўё тўғон ёрилиб кетди. Тўсатдан ҳаммада унинг ишлай олмаслиги ҳақидаги ҳикоялари пайдо бўлди — ва тўсатдан кўпчилик айбдорларнинг номларини очиқлашга тайёр бўлиб қолди.

Байден билан камроқ алоқада бўлган демократларга омад кулиб боқди — улар энди ўзларининг аввалги «Байден соғлом эди» деган баёнотларини вазиятга қараб оқлашмоқда. Масалан: «Мен уни кам-кам кўрардим, лекин кўришган пайтимда у яхши эди». Бундай баёнотчилар кўпчиликни ташкил этади, чунки «Асил гуноҳ» китобида таъкидланишича, вақт ўтиши билан Байденнинг атрофидагилар уни ташқи дунёдан тобора кўпроқ узиб боришган. Аммо энди, ниҳоят, биз уни иҳоталаган ва президентнинг кучдан қолганини яширганларнинг номларини билиб олмоқдамиз, шунингдек, муаммо ҳақида огоҳлантирилган, аммо кўз юмган бошқа иштирокчилар ҳақида ҳам эшитмоқдамиз.

Келинг, хулоса қилайлик.

 

Жилл Байден

Президентнинг рафиқаси ўзининг Оқ уйда тўлиқ саккиз йил ўтказиш орзусини ҳеч қачон яширмаган. The New Yorker журналисти Дэвид Ремникка берган интервьюсида китоб муаллифи Алекс Томпсон шундай эслайди: «Оиладагилардан бири айтганди: барча президентлар икки муддат хизмат қилади. Биринчи хоним жамоаси ҳам бу ҳақда аллақачон ўйлай бошлаган эди: «Иккинчи муддатда нима қиламиз?»» Томпсоннинг айтишича, Жилл Байден президентнинг асосий «ҳимоячиси» сифатида қабул қилинган ва маъмурият ходимлари уни Америка тарихидаги энг таъсирли биринчи хонимлардан бири сифатида таърифлаган.

Ўтган ёзда Томпсон хабар беришича, Жилл Байден ва унинг яқин ёрдамчиси Энтони Бернал ҳатто президентни Оқ уй хизматчиларидан ҳам изоляция қилиш даражасига етиб борган — ошпаз, хизматкор ва бошқа ходимларга Жо Байден билан тўғридан тўғри гаплашиш тақиқланган. Одатда, айнан оила аъзолари биринчи бўлиб ақлий муаммоларни пайқаши ва уларни англаш имконига эга бўлади. Шунга қарамай, биринчи хоним ҳали ҳам турмуш ўртоғининг ҳолати яхши эканини таъкидлашда давом этмоқда.

 

Ёрдамчилар

Аста-секин равшан манзара шакллана бошлади: Байденлар оиласи ўзлари ишонган тор доирадаги ёрдамчилар президент ва ташқи дунё ўртасида воситачига айланди. Уларнинг вазифаси президентнинг алоқаларини чеклаш ва унинг соғлиғи ҳолати ҳақида ҳар қандай саволларни йўққа чиқаришдан иборат эди. Бу доирага Энтони Бернал, 2023 йилгача маъмурият раҳбари бўлган Рон Клейн, унинг ўринбосарлари Брюс Рид ва Энни Томасини, маслаҳатчилар Майк Донилон ва Стив Рикетти, шунингдек, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчилар Жейк Салливан ва Энтони Блинкен киради.

«Асил гуноҳ» китобида Байден маъмурияти котибларидан бирининг сўзи келтирилади: «Мен саноқли одамларнинг қўлида шунча катта ҳокимият жамланган бундай ҳолатни ҳеч қачон кўрмаганман. Улар ҳатто молия вазири [Жанет Йеллен]га қўнғироқ қилмасдан ҳам муҳим иқтисодий қарорларни қабул қилишарди». Бошқа далиллар ҳам келтирилмоқда: бу ёрдамчилар жамоатчиликдан фақат Байденни эмас, балки ундан ҳам ҳақиқатни яширишган. Жумладан, демократларнинг аксарияти унинг истеъфосини истаганини ҳам у билмаган.

 

Шифокорлар

Жо Байденнинг 2009 йилдан бери шахсий шифокори бўлиб келаётган Кевин О’Коннор — у Байденнинг ўғли Бо Байденга рак даволашда ёрдам берган ва 2021 йилда президент шифокори лавозимига тайинланган. Байденлар оиласига яқин дўст деб аталадиган О’Коннор доимо президент «хизматга лаёқатли» эканини таъкидлаб келган — гарчи у саволларга жуда кам ҳолларда жавоб берган бўлса ҳам. Ҳисоботларга кўра, О’Коннор қаттиқ туриб Байденга когнитив тест ўтказиш керак эмаслигини айтган, гарчи кўплаб шифокорлар 60 ёшдан ошган беморларга мунтазам бундай тестлар ўтказиб туради (Байден лавозимга киришганида 78 ёшда эди).

Томпсон ва Ремникнинг интервюсида шу шифокорнинг сўзлари келтирилади: «Мен уни ҳар куни кўраман. Когнитив тестлар эса шифокор бемор билан бир неча ойда бир учрашганда ўтказиладиган тестлардир. Агар унинг ақлий қобилиятларида шубҳангиз бўлса — у ўз ишини бажараётганини кўринг». Агар О’Коннор ҳақиқатан ҳам ҳар куни Байденни кузатган бўлса, нима учун у ҳозир ҳеч ким инкор этмаётган белгилар ҳақида маълум қилмаган? Боз устига, янгиликлардан маълум бўлишича, президентнинг тиббий гуруҳи Байденда бир неча йил аввал ривожлана бошлаган метастатик ракни ҳам аниқлай олмаган.

 

Вазирлар девони

«Асил гуноҳ» китоби ва яқинда эълон қилинган собиқ махсус прокурор Роберт Ҳурнинг Байден билан суҳбат аудиоёзуви ҳукумат расмийларини айбловчилар сафида кўрсатади. Улар президентда муаммолар борлигини тушуниб етишлари керак эди. Китобда қайд этилишича, ҳукумат мажлислари жуда кам ўтказилар ва улар ҳам ҳар доим олдиндан тайёрланган сценарий бўйича олиб бориларди — шундай қилиб Байден вазиятни назорат қилаётгани кўрсатиларди. Нима учун ҳеч ким бу ҳақда гапирмаган?

Бундан ташқари, собиқ Бош прокурор Меррик Гарланд ҳам бор. Унинг қўлида Ҳур ўтказган сўроққа оид соатлаб аудиоёзувлар бор эди, лекин у ёзувларни Конгрессдаги республикачиларга топширишдан бош тортди. Конгрессда қасамёд остида Гарланд бу ёзувларни эшитмасдан туриб ҳам, уларни очиқлашдан бош тортганини айтди. Нима учун? Республикачилар ушбу материаллар орқали Байденнинг ақлий ҳолатини баҳолашни истаган эдилар. Агар вазирлар девони аъзолари ҳақиқатан ҳам унинг ҳолатига ойдинлик киритишни хоҳлаганида, улардан ҳаракат кутилиш керак эди. Аммо ҳеч ким ҳақиқатни билишга уринилмади.

 

Матбуот

«Асил гуноҳ» китоби матбуотнинг Байден соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги сукутини ажабланарли даражада четлаб ўтади. Унинг муаллифларидан бири — Жейк Таппер — ўзи ҳам аввал Байденнинг хизмат қобилиятини шубҳа остига қўйганларни танқид қилган эди. Оқлаш учун улар шундай дейишарди: гўёки сайловга қадар бу ҳақда гапиришни ҳеч ким хоҳламаган. Аммо мана шундай мураккаб мавзулар айнан шунинг учун ҳам мураккабки, фақат кам сонли журналистлар президентлик муддати охирига қадар бу масалани кўтаришга журъат эта олишди.

Энди эса демократлар бу яшириш ҳақида гапиришни бефойда деб ҳисоблашмоқда — гўёки барчаси ўтди-кетди, улар ютқазишди, энди олға қараш керак. Аммо унутмаслик лозим: улар айнан мана шу яшириш орқали ғалаба қозонишни ният қилган эдилар. Агар шундай бўлганида эди, мамлакат чуқур конституцион инқирозга юз тутаётган бўларди — агар Байден ноқобил ҳолга тушганида унинг атрофидагилар ҳокимиятдан воз кечишни истамаган бўлсалар; ёки Байден истеъфо берганида ҳокимият Камала Ҳаррис қўлига ўтиб кетган бўларди.

Мамлакат ҳақиқатни билишга ҳақли — энг аввало, бу каби вазиятлар яна такрорланмаслиги учун, дейилади мақолада.