Bloomberg нашрининг хабар беришича, Microsoft корпорацияси 3 июнь куни Вашингтон штатидаги яна 300 нафар ходимни ишдан бўшатгани ҳақида расмий маълумот берди. Бу қисқартириш компания томонидан ўтган ойда амалга оширилган 6000 та иш ўрни қисқаришига қўшимча ҳисобланади.
Компания вакилининг таъкидлашича, мазкур қисқартиришлар Microsoft’нинг ўз позициясини динамик бозорда мустаҳкамлашга қаратилган ташкилий ўзгаришлар доирасида амалга оширилмоқда. Бу жараёнда қайси бўлимлар жабр кўргани ҳақида аниқ маълумот берилмади.
2024 йил июн ҳолатига кўра, Microsoft 228 мингга яқин штатли ходимга эга бўлиб, уларнинг 55 фоизи АҚШда фаолият юритади. Аввалги қисқартиришлар асосан муҳандислар ва дастурчиларга тааллуқли бўлган эди.
СИ соҳасидаги глобал ўсиш технологик бозордаги иш ўринларига жиддий таъсир кўрсатмоқда. Microsoft ва Meta каби йирик IT-компаниялар СИ асосида кодлаш воситалари самарадорлигини ошираётганини маълум қилган.
Salesforce компанияси эса яқинда ўз ходимлар сонини СИ воситаларини жорий этиш орқали қисқартирганини маълум қилди. Microsoft ҳам янги авлод СИ платформасини ишлаб чиқиш устида иш олиб боряпти. Ушбу лойиҳани Meta’нинг собиқ муҳандислик директори Жей Парик бошқармоқда.