Россиялик олимлар озиқ-овқат инфляцияси ортиб бораётган бир пайтда аҳоли рационини бойитиш мақсадида чигиртка унли нон етиш усулини илгари суришди. Жанубий Урал давлат университети мутахассислари тайёрлаган рецептга кўра, оддий буғдой унига уваланган чигиртка қўшилган ҳолда махсус ун ҳосил қилинади.
Тадқиқот раҳбари, профессор Абдували Тошев маълум қилишича, чигиртка ун таркибининг тахминан 60 фоизи оқсиллардан иборат бўлиб, бу кўрсаткич оддий буғдой унуникидан анча юқори. Шу билан бирга, ушбу уннинг эрувчанлик индекси уч баробар, эмулсия ҳосил қилиш фаоллиги 55 фоиздан зиёд, кўпик ҳосил қилиш қобилияти эса буғдой унникидан тўрт баробар юқори.
Тошевнинг айтишича, ҳатто кам миқдордаги чигиртка хомашёси ҳам нон маҳсулотларининг мазаси ва фойдали хусусиятларини оширади. Шунингдек, янги турдаги нон таркибига сув ўтлари (спирулина) ва қўзиқоринлардан тайёрланган ун қўшилиши ҳам мумкин. Унга кўра, 5–15 фоиз чигиртка уни, 2–6 фоиз сув ўтлари ва 10–20 фоиз қўзиқорин қўшилган маҳсулотлар «оптимал» таъмга эга бўлади.
Росстат маълумотларига кўра, 2025 йил май ойи якунигача Россияда нон нархи ўртача 15 фоизга ошган. Бу озиқ-овқат инфляцияси фонида содир бўлмоқда, 2024 йил якунида ушбу инфляция сўнгги тўққиз йилликдаги энг юқори даража — 11,05 фоизни ташкил этган.