Аёллар учун ишбилармонлик муҳитини баҳоловчи мазкур индексда 1970 йилдан 2023 йилгача бўлган маълумотлар ўрганилган. Ўзбекистон бу сафар 82,5 балл тўплаб, кўплаб қўшни давлатлардан юқори натижа қайд этди. Таъкидлаш жоиз, мамлакат 1991 йилдан кейин узоқ йиллар давомида кўрсаткич бўйича минтақада ортда қолиб келган эди.
Индекс Жаҳон банки томонидан мамлакатлардаги қонун-қоидаларнинг аёллар иқтисодий имкониятларига таъсирини баҳолаш асосида шакллантирилади. Бунда ҳаракат эркинлиги, ишга қабул, меҳнат ҳақи, никоҳ, оналик, тадбиркорлик, активлар ва нафақа каби 8 асосий мезон ҳисобга олинади. Энг юқори баҳолаш 100 баллга тенг. Масалан, Испанияда аёллар ва эркаклар учун иқтисодий ҳуқуқлар тўлиқ тенг деб баҳоланган ва бу давлат 100 балл олган.
2025 йилда дунё бўйича ўртача кўрсаткич 77,8 баллни ташкил қилган. Бу тенденция 1990-йиллардан бошланган тенглик ҳаракатлари натижаси сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистон мустақиллик йилларининг дастлабки босқичларида бу индексда 52,5 балл билан 115-ўринда эди. 1996 йилда Қозоғистон ва Қирғизистондан ўтиб, Россияга яқинлашган бўлса-да, кейинги йилларда барқарор ўсиш кузатилмаган. Фақатгина 2019 йилдан сўнг ислоҳотлар самараси кўзга ташлана бошлади. 2023 йилга келиб эса Ўзбекистон барча қўшниларини ортда қолдирди.