Ўзбекистонда ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази ташкил этилади

03.06.2025 18:00 | 2 дақиқада ўқилади.

Президент қарорига мувофиқ, Ўзбекистонда ўрмон хўжалигини рақамлаштиришга қаратилган давлат муассасаси ташкил этилмоқда. Бу орқали ресурслардан самарали фойдаланиш ва чўлланишга қарши курашишда ахборот технологияларидан кенг фойдаланилади.

Tog'lar

2025 йил 30 майда қабул қилинган Президент қарорига кўра, “Ўрмонтехносервис” давлат унитар корхонаси негизида “Ўрмон хўжалигини рақамлаштириш маркази” ташкил этилади. У “Ақлли ўрмон хўжалиги” ахборот платформасининг ягона оператори сифатида фаолият юритади. Платформа орқали ўрмон ресурсларининг ҳолати реал вақтда кузатилади ва бошқарув жараёнлари рақамлаштирилади.

Қарорда белгиланган мақсадли кўрсаткичларга кўра, 2030 йилгача 1,5 миллион гектар ерда ўрмон барпо этиш, 3,8 минг гектар майдонда доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари яратиш режалаштирилган. Шунингдек, шунча вақт мобайнида 9,2 минг тонна уруғ тайёрлаш ва 919 миллион дона кўчат етиштириш кўзда тутилган.

Қолаверса, 2025–2026 йилларда тоғ ва тоғолди ҳудудларда 500 гектар ерда “терраса” усулида кўчат экилади. Марказ сунъий интеллект ва интеграциялашган ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда ўрмон хўжалиги фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилади.

Мазкур чора-тадбирлар мамлакатда экологик барқарорликни таъминлаш ва яшил ҳудудларни кенгайтиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотларнинг бир қисмидир.