Маълумотларга кўра, душанба куни кечқурун кичик зилзила рўй берган ва унинг оқибатида хавфсизлик нуқтаи назаридан 2000 га яқин маҳбус қамоқхонадан эвакуация қилинган. Айни шу вақтда 213 маҳбус назоратдан чиқиб кетган.
Полиция тезкор тартибда ҳудудни ўраб олган ва излаш ишларини бошлаган. Ҳозирга қадар 78 маҳбус қўлга туширилган. Қочиш пайтида юз берган отишмада бир киши ҳалок бўлган, яна уч нафар хавфсизлик ходими яраланган.
Покистон расмийлари воқеа юзасидан тергов ишларини бошлаган. Қамоқхонада хавфсизлик тизими қай даражада самарали ишлагани ҳам текширув остида.
Маҳаллий ОАВнинг ёзишича, зилзиладан сўнг келиб чиққан беқарорлик, эвакуация жараёнидаги чалкашлик ва хавфсизлик хизматлари фаолиятидаги етишмовчилик маҳбуслар қочишига сабаб бўлган. Қочиб кетган маҳбусларнинг аксарияти оғир жиноятларда гумон қилинган шахслар экани айтилмоқда.
Ҳозирча 135 нафар маҳбус қидирувда. Қўшимча равишда махсус гуруҳлар жалб қилиниб, уларнинг маҳаллий ва қўшни ҳудудларда эканлиги бўйича маълумотлар тўпланмоқда.