Россия ҳукумати янги миллий хабар алмашиш платформасини ишлаб чиқишини эълон қилди. Бу ҳақда «Anadolu» агентлиги маълум қилди. Янги илова Telegram ва WhatsApp каби оммабоп, аммо «хавфсиз эмас» деб баҳоланган хорижий сервисларга муқобил бўлади.
Россия Давлат Думаси ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Сергей Боярскийнинг сўзларига кўра, янги илова «замонавий, функционал ва маҳаллий қонунларга тўлиқ мос» бўлади. Унинг таъкидлашича, бу ташаббус хорижий платформаларни тақиқлашга эмас, балки ҳақиқий рақобат муҳитини яратишга қаратилган.
Россия Украинадаги уруш бошланганидан кейин Facebook, Instagram, Twitter ва TikTok каби бир қатор хорижий ижтимоий тармоқларни чеклаган эди. Meta’га тегишли платформалар 2022 йил март ойида экстремистик деб эълон қилинган. YouTube эса қисман чекланган. Бу чоралар мамлакат ахборот макони устидан назоратни кучайтириш учун амалга оширилган.
Боярскийнинг таъкидлашича, Россияда электрон ҳукумат, онлайн банкинг ва маҳаллий ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кенгаймоқда. Янги илова мамлакатнинг рақамли инфратузилмасини ривожлантириш ва давр талабларига мослашишга хизмат қилади.
Миллий мессенжер ишга тушиши билан Россия фуқаролари учун мустақил ва хавфсиз ахборот алмашинуви имкони яратилади.