Россия агентликлари тарқатган хабарларга кўра, 2025 йил 2 июн куни Россия Украинага икки йўналишли шартлар тўпламини ўз ичига олган расмий меморандум тақдим этган. Ҳужжат Украинадаги можарони тинч йўл билан бартараф этиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Биринчи вариантга кўра, Украина Қуролли Кучлари ва бошқа ҳарбий тузилмалар ўзини «Россия ҳудудлари» деб эълон қилинган жойлардан – Донецк ва Луҳанск халқ республикалари, Запорижжя ҳамда Херсон областларидан тўлиқ чиқарилиши керак. Бундан ташқари, бу кучлар Россия билан келишилган масофагача чекинишлари лозим.
Иккинчи вариант эса 10 банддан иборат пакет шаклида тақдим этилган. Унга кўра, Украина қуролли кучларининг жойлашувини ўзгартириш тақиқланади, мобилизация тўхтатилади ва демобилизация жараёни бошланади. Шунингдек, ҳарбий маҳсулотларнинг хориждан келиши ва чет эл ҳарбий ёрдамига чек қўйилади.
Меморандумда Украина ҳудудида учинчи давлатларнинг ҳарбийларининг бўлиши тақиқланиши, ҳарбий ҳолатни бекор қилиш ва 100 кун ичида Президент ҳамда Олий Рада сайловларини ўтказиш талаб этилмоқда.
Россия ҳужжати, шунингдек, Қрим, ЛХР, ДХР, Запорижжя ва Херсон областларининг Россия таркибига қўшилишини халқаро ҳуқуқий жиҳатдан тан олиш, Украинага бетараф мақом бериш, армия сонини чеклаш ҳамда ядровий қуролга эга бўлмаслик кафолатини ҳам назарда тутган.