«Важние истории» нашри ҳарбий экспертлар билан вазиятни таҳлил қилиб чиқди.
Якшанба куни украин махсус хизматлари Россиянинг бир неча минтақасида операция ўтказди: юк машинасидан учирилган дронлар ҳарбий аэродромлардаги бомбардимончиларни нишонга олди.
Россия авиациясининг йўқотишлари жиддийми?
3 июн куни эрталаб Украина Қуролли Кучлари Бош штаби Украина хавфсизлик хизмати (СБУ)нинг «Паутина» («Ўргимчак тўри») операциясидан кейин илк бор Россия самолётлари йўқотишлари ҳақида янгиланган маълумотларни эълон қилди — рўйхатга яна 12 та самолёт қўшилди. Бу рақам 1 июндан бошлаб интернетда пайдо бўлган тасвирий материаллар билан мос келади.
2 июн кечасига келиб OSINT-аналитиклар қуйидагиларни қайд этди:
- Иркутск областидаги «Белая» ҳарбий авиабазасида: учта Ту-95МС самолёти йўқ қилинган ва биттаси шикастланган, битта Ту-22М3 йўқ қилинган. Учта Ту-22М3 ва бита Ту-95МС зарбага учраган, аммо уларга етказилган талафот қанчалик жиддий экани ҳозирча номаълум.
- Мурманск областидаги «Оленя» ҳарбий авиабазасида: тўртта Ту-95МС йўқ қилинган ва битта Ан-12 транспорт самолёти йўқ қилинган.
- Рязань ва Иваново областларидаги базаларда авиацион йўқотишлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
- Амур вилоятидаги авиабазага дронлар ортилган юк машинаси, эҳтимол, етиб бормаган — у йўл четида портлаб кетган.
Шу тариқа, камида 13 та узоқ масофага мўлжалланган бомбардимончи йўқ қилинган — тўққизта Ту-95МС ва тўртта Ту-22М3. СБУ 41 самолёт шикастланганини иддао қилган, аммо бу маълумот тасдиқланмаган. «40 та самолёт — бу ҳаддан зиёд кўпиртириш. Агар 40 самолёт ёниб кетган бўлса, демак, барча авиабазаларда 100 фоизли зарба юз берган бўлиши керак эди. Биз ҳозирча бундай ҳолатни кўрмадик», — дейди Conflict Intelligence Team асосчиси Руслан Левиев.
Россияда қанча Ту-22М3 ва Ту-95МС (шу жумладан модернизация қилинган Ту-95МСМ) самолётлари борлиги ҳақида турлича маълумотлар бор. Халқаро стратегик тадқиқотлар институти (IISS) маълумотига кўра, 2025 йил бошида Россия армиясида 55 та Ту-22М3 ва 57 та Ту-95МС бўлган. Global Air Powers Ranking эса мос равишда 58 ва 47 та самолётни қайд этади.
Айрим самолётлар чиндан ҳам парвозга қодир, жанговар вазифаларни бажара оладими ёки фақат эҳтиёт қисмлар манбаи сифатида сақланяптими — бу алоҳида масала. Бундай бомбардимончилар Россияда анча йиллардан бери ишлаб чиқарилмаяпти ва уларни янгидан тайёрлаш имкониятлари ҳам йўқ, дейди Украина Ҳаво кучларининг собиқ офицери Анатолий Храпчинский. Сўнгги йилларда бир нечта Ту-160М стратегик бомбардимончилари йиғилди, аммо улар ҳам СССР даврида ишлаб чиқарилган деталлардан тайёрланган.
«Россиянинг ядровий қуроллари» лойиҳаси раҳбари Павел Подвигнинг фикрича, узоқ масофага мўлжалланган бомбардимончиларнинг ярмидан кўп қисми ҳақиқатан ҳам парвоз қила олади. The Economist нашрининг баҳолашича, Россиянинг Ҳаво ҳужумдан ҳимоя кучларида умумий ҳисобда 90 тадан камроқ Ту-22, Ту-95 ва Ту-160 бор.
Россия Украина шаҳарларини бомбардимон қилишни камайтирадими?
Йўқ қилинган ва шикаст етказилган Ту-22М3 ҳамда Ту-95МС бомбардимончилари Россия армияси томонидан Украина шаҳарларига зарбалар бериш учун қўлланилади.
Ту-22 самолётидан россияликлар фронт яқинидаги шаҳарларга Х-22 ва Х-32 қанотли ракеталари орқали зарба беради. Бу ракеталар аслида кемаларга қарши мўлжалланган бўлиб, уларнинг нишондан оғиши юзлаб метр билан ўлчанади. Хусусан, 2023 йил январь ойида Днипродаги кўп қаватли уйга айнан Х-22 ракетаси урилган, ўшанда камида 46 киши ҳалок бўлган эди. Ўшанда Украина Ҳаво кучлари бундай ракеталарни уриб тушириш имконига эга эмаслигини тан олган эди. Биринчи марта Х-22ни муваффақиятли уриб тушириш 2024 йилда уддаланган.
Шунингдек, Ту-22 самолётидан аэробаллистик «Кинжал» ракеталари ва фугас авиация бомбаларини (ФАБ) ҳам ишга тушириш мумкин. Россияликлар бу бомбаларни фронт яқинида катта миқдорда қўллашмоқда. «Ёнғинли» ФАБ-500 ва ФАБ-1000 бомбаларини Су-34 ва Су-35 бомбардимончилари орқали ишга тушириш мумкин, аммо 3000 кг оғирликдаги ФАБ-3000 бомбаларини фақат Ту-22 орқали ташлаш мумкин.
Ту-95МС эса Х-101 ва Х-55/555 қанотли ракеталарини олиб юради ва россияликлар улар орқали Украина ҳудудининг бутун майдонига зарба беришади. Х-101 — Россиядаги энг технологик жиҳатдан ривожланган ва қимматбаҳо ракеталардан бири бўлиб, унинг нархи 13 млн долларга баҳоланади. Уруш давомида Россия ушбу ракеталар ишлаб чиқариш ҳажмини кескин оширди. Financial Times ёзишича, 2021 йилда 56 та ракета ишлаб чиқарилган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 420 тага етган. 2023 йил июль ойида Х-101 ракетаси Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонасига урилган.
Ту-22М3 ва Ту-95МС — Россиянинг Украинанинг ичкари ҳудудларига зарба берадиган ягона самолётлари эмас. Масалан, Х-59 ва Х-69 ракеталари Су туркумидаги бомбардимончилардан, «Кинжал» эса МиГ-31К дан ишга туширилади. Бундан ташқари, оммавий ҳужумлар пайтида ракеталар қуруқлик ва денгиздан ҳам учирилади.
Conflict Intelligence Teamдан Руслан Левиевнинг таъкидлашича, бир неча стратегик бомбардимончилар йўқотилиши Россиянинг ҳарбий имкониятларига унчалик таъсир қилмайди: «Ҳаводан зарба бериш имкониятлари, албатта, қолади. Бироқ маблағ жиҳатдан улар жуда катта йўқотишга учради».
Авиация бўйича украиналик мутахассис Валерий Романенконинг тахмин қилишича, россияликлар узоқ масофага мўлжалланган бомбардимончиларни эҳтимол Амур областидаги «Украинка» базасига кўчириши мумкин — у ерга дронларни олиб келган юк машинаси етиб бормаган бўлиши мумкин. «Агар улар самолётларни ўша ерга кўчирса, Украинага парвоз қилиш имконияти йўқолади — у ердан бориб-қайтиш учун масофа етмайди. Бундай ҳолда стратегик авиациянинг Украина учун хавфи деярли йўқолади. Улар баъзан намойишкорона ҳужумлар ўтказиши мумкин, аммо ўтган йилдагидек мунтазам рейдлар ўтказишга қодир бўлмайди», — дейди мутахассис.
Ядровий учлик тизимига зарар етдими?
Аэродромларга қилинган ҳужум дарҳол Россиянинг ядровий учлик (триада) тизимига зарба сифатида баҳоланди. Бу тизим ракета қўшинлари, денгиздаги стратегик кучлар ва стратегик авиациядан иборат. Бу ҳақда ҳам Украинада, ҳам Россиядаги Z-каналлар, «ҳарбий мухбир»лар ва ҳатто генераллар ҳам гапирмоқда.
Агар ядровий тийиб туриш кучлари ҳақида гапирсак, фақат Ту-95МС бомбардимончиларининг йўқотишларини ҳисобга олиш лозим. Ту-22М3 бу ерга тегишли эмас, чунки у ядровий каллакларни олиб юра олмайди ва парвоз масофаси етарли эмас, дея тушунтиради Павел Подвиг. Ҳаводаги ядровий учлик тизимига Ту-160М бомбардимончилари киради, Россияда уларнинг сони тахминан 15 та. 1 июндаги ҳужум натижасида бу самолётлар бўйича тасдиқланган йўқотишлар йўқ.
Павел Подвигнинг фикрича, ҳатто агар йўқотишлар жиддий бўлса ҳам, стратегик бомбардимончилар йўқ қилиниши дунёдаги ядровий кучлар мувозанатига таъсир қилмайди. Чунки Россия ядровий каллакларни ердан қитъалараро ракеталар воситаси ва денгизданги сувости кемаларидан учириши ҳам мумкин.
«Совет ва Россия анъанасида стратегик авиацияга ҳар доим жуда иккинчи даражали рол берилган. Агар қарши зарба бериш ҳақида гапирсак, улар деярли ҳеч қандай рол ўйнамайди. Улар асосан куч намойиши учун керак — бу маънода бомбардимончилар энг қулай. Улар ҳавога кўтарилади, Япония орқали учиб ўтади ёки Аляскага яқинлашади, яъни биз тайёр турибмиз, деган ишорани беради», — дея тушунтиради эксперт. Худди шундай ҳаракатларни Америка ҳам қилади — ўзининг B-52 самолётлари билан Европани айланиб чиқади. Бу учишлар вақтида на Россия, на АҚШ самолётлари ядро қуролини олиб учмайди, деб таъкидлайди Подвиг.
2011 йилда Россия ва АҚШ томонидан имзоланган Стратегик ҳужум қуроллари тўғрисидаги шартнома (ДСНВ)га кўра, ҳар бир бомбардимончи битта ядровий заряд сифатида ҳисобланади — у қанча қанотли ракета олиб юриши ёки бошқа хусусиятлари муҳим эмас. Бу ҳам самолётларнинг стратегик ядровий мувозанатда катта рол ўйнамаслигини кўрсатади, дейди Подвиг.
2023 йил феврал ойида Россия ДСНВдаги иштирокини тўхтатган эди.