«Ташқи қарз олиш — уят эмас, зарурат» — Жамшид Қўчқоров

03.06.2025 18:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров давлат қарзи бўйича танқидларга жавоб берди: мамлакат инфратузилмасини ривожлантириш учун ташқи маблағ жалб этиш табиий ва зарурий жараён, деб таъкидлади.

Qochqorov

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров мамлакат ташқи қарзи масаласида билдирилаётган эътирозларга муносабат билдирди. Унинг сўзларига кўра, шаҳар, қишлоқ ва маҳаллаларни ободонлаштириш ишларининг бир қисми ташқи қарз ҳисобидан молиялаштирилади ва буда «ҳеч қандай уятли жой йўқ».

Қўчқоров таъкидлашича, иқтисодиётдаги ривожланиш талаблари катта сармояни талаб қилади. Йўллар, ичимлик суви, энергетика тармоқлари, аэропортлар, темирйўл ва мудофаа соҳасини қўллаб-қувватлаш учун давлат харажатлари керак. Бу харажатларнинг муайян қисми ташқи қарз ҳисобига қопланади.

Вазир шунингдек, уй-жой дастурларида ҳам чет эл маблағлари иштирокини оқлаган ҳолда, чекка ҳудудлардаги кўп қаватли уйларни қуриш ва ипотека кредити беришда банкларни узоқ муддатли молия билан таъминлаш учун ташқи ресурслар зарурлигини қайд этди.

«Қарз ошди» деб гапираётганлар мамлакат ялпи ички маҳсулоти 115 млрд долларга етганини ҳам инобатга олишлари керак, — деди Қўчқоров.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг дастлабки уч ойида Ўзбекистоннинг давлат қарзи 2,2 млрд долларга ошгани ҳақида расмий маълумот берилган эди. Мазкур тенденция фонида расмийлар ташқи маблағлар иқтисодий барқарорлик ва ривожланиш учун муҳим манба эканини таъкидламоқда.