Tesla Францияда сотувларининг 67 фоизини йўқотди

03.06.2025 16:20 | 2 дақиқада ўқилади.

2025 йил май ойида Tesla Францияда бор-йўғи 721 та машина сотган — бу 2022 йил июлидан бери энг паст кўрсаткич бўлиб, Model Y’нинг янгиланган версияси ҳам тушишни тўхтата олмади.

Tesla

Bloomberg’нинг ёзишича, май ойи якунларига кўра, Tesla Франциядаги автомобил сотувида 67 фоизлик пасайишни қайд этди. Жорий йилнинг бешинчи ойида компания 721 та автомобил сотган бўлиб, бу сўнгги уч йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Компаниянинг Model Y модели янгиланган ҳолда бозорга чиқарилганига қарамасдан, у ҳам талабни тиклашга ёрдам бермаган. Tesla акциялари асосий савдолар бошланишидан аввал 2,3 фоизга пасайди, йил бошидан буён эса улар 14 фоизга арзонлашган.

Илон Маскнинг таъкидлашича, компанияга антикризис режанинг зарурияти йўқ, чунки Tesla «тўғри йўлга қайтган». У Европа бўйлаб барча автоишлабчиқарувчилар сотувда қийинчиликка дуч келаётганини билдирган. Бироқ Volkswagen, Renault ва BMW каби брендлар йил бошидан бери етказиб бериш кўрсаткичларини оширган.

Франция Европада Германиядан кейинги энг катта электромобил бозори ҳисобланади. 2025 йил май ойи охирига келиб, мамлакатда Tesla сотувлари умумий ҳисобда 47 фоизга камайган.