Тожикистон 49 нафар афғонистонликни депортация қилди

03.06.2025 20:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тожикистон ҳукумати сўнгги кунларда 49 нафар афғонистонлик муҳожирни юртига қайтарди. Расмий изоҳ берилмаган бўлса-да, Афғонистон муваққат ҳукумати уларнинг аксариятида расмий ҳужжатлар бўлганини маълум қилди.

Tojikiston

Афғонистоннинг Толибон раҳбарлигидаги Миграция вазирлиги хабарига кўра, 28–29 май кунлари Тожикистон томонидан чиқариб юборилган муҳожирлар 31 май куни Қундуз вилоятидаги Шерхон чегара пункти орқали юртига қайтарилган. Уларнинг 36 нафарида Тожикистонда яшаш учун рухсат, 13 нафарида эса паспорт ва виза бўлган.

Тожикистон ҳукумати ҳозирча бу масала юзасидан ҳеч қандай расмий муносабат билдиргани йўқ. Бир ой аввал ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилган эди. 21 апрел куни тахминан 50 нафар қочқин Тожикистондан Афғонистонга қайтарилган. Улар БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги ҳимоясида бўлган ва асосан Ваҳдат шаҳрида яшаб, таксичилик билан шуғулланган.

Айрим қочқинлар хавфсизлик идорасига чақирилиб, ҳужжатлари олиб қўйилган ва икки машинада чегарага олиб кетилган. Шунингдек, бозор ва кўчаларда ушланган яна бир неча афғонистонлик ҳам депортация қилингани айтилмоқда.

Халқаро ташкилотлар ушбу ҳаракатни танқид қилиб, Толибон назоратидаги мамлакатга қайтариш муҳожирлар ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини таъкидламоқда. БМТ Тожикистон ҳукуматини депортациядан тийилишга ва муҳожирларни учинчи мамлакатларга йўллаш ёки ҳуқуқий тартибда кўриб чиқишга чақирган.

Айни вақтда Тожикистонда, асосан, Душанбе, Ваҳдат ва Рудакийда 10 мингдан ортиқ афғонистонлик яшайди.