The Telegraph нашрининг 2 июн куни эълон қилинган таҳлилий мақоласида Украина томонидан Россия аэродромларига қилинган беспрецедент ҳужум «Паутина» («Ўргимчак тўри») амалиёти деб аталгани ва унинг стратегик авиацияга жиддий зарар етказгани қайд этилган.
Муаллифларнинг таъкидлашича, ҳужум пайти Истанбулда Россия ва Украина ўртасида тинчлик музокаралари ўтказилиши кутилган бир вақтга тўғри келди. Россия эса бу музокараларга қарамай, оташкесимга қизиқиш билдирмаётганини аниқ кўрсатиб келмоқда.
Мақолада ёзилишича, АҚШ президенти Доналд Трамп Россия президенти Владимир Путиннинг урушни тўхтатишдан бош тортаётганидан норози. Бироқ у Украинага ҳарбий ёрдам масаласида ҳали ҳам аниқ баёнот бермаётгани танқид остига олинган. Украина эса АҚШнинг ҳарбий-саноат салоҳиятидан кутилган уч муҳим ёрдамга — ракетага қарши мудофаа, GMLRS реактив артиллерияси ва гаубитсалар учун снарядларга жуда муҳтож.
Нашрнинг таъкидлашича, Украина ҳозирда Россия ҳудудларига зарба бериш орқали ўз санкцияларини амалга оширмоқда. Бу нафақат душманнинг бомбардимон самолётларига катта зиён етказди, балки Украина учун муҳим руҳий кўтаринкиликни ҳам таъминлади.
The Telegraph бу операция Украина қўшинларининг ҳануз кураш олиб бораётганини кўрсатишини, шунингдек, уруш қийин паллага кирган бир пайтда Киевнинг Россия ҳудудига тажовузкор зарба бера олиши украинпараст республикачиларни ҳам руҳлантириши мумкинлигини қайд этади.
Мақолада украин дронлари орқали Россияга етказилган иқтисодий зарар 7 миллиард долларга етиши мумкинлиги қайд этилган. Украина муҳандислик ва IT соҳасидаги салоҳиятини уруш шароитида самарали ишга солиб, замонавий қуроллар ишлаб чиқариш орқали XXI аср урушларининг қоидаларини қайта ёзмоқда.