Bloomberg агентлигининг ёзишича, Украина томонидан 1 июн, якшанба куни Россия ҳудудининг ичида жойлашган стратегик авиабазаларга берилган зарбалар Кремлни ҳайратга солди. Манбаларга кўра, ҳужум натижасида Россия қўшинлари камида 10 та самолётни йўқотган.
Айни пайтда OSINT таҳлилчилари йўқотишлар сонини 13–15 та деб баҳолаган. Россиядаги Z ҳарбий каналлардан бири бўлган «Рыбарь» ҳам 13 самолёт нобуд бўлганини тасдиқлаган.
Бу самолётлар Россиядаги Ту-95 ва Ту-160 турдаги стратегик бомбардимонлар бўлиб, уларнинг учиш масофаси 10 минг km ва ундан юқорини ташкил этади. Шунингдек, Россияда 60 та Ту-22М3 бор бўлиб, улар тактик ядровий қуролларни ташиш қобилиятига эга. Стокҳолм тинчлик муаммоларини ўрганиш институти (SIPRI) маълумотларига кўра, бу ҳужум Россиянинг стратегик авиациясининг тахминан 10 фоизини ишдан чиқарган.
Шу билан бирга, Bloomberg манбалари Россиянинг умумий ядровий салоҳиятига у қадар катта зиён етказилмаганини таъкидлайди. Сабаби, Россиядаги асосий ядровий каллаклар ерости ва денгизда жойлаштирилган ракеталарда сақланади. SIPRI маълумотларига кўра, уларнинг умумий сони 567 тани ташкил этади.
Шунга қарамай, Украина томонининг стратегик ҳаво ҳужуми Кремл атрофидаги юқори даражали мансабдорлар орасида катта ташвиш уйғотгани ва ядровий кучларнинг хавфсизлигига оид муаммоларни яна бир бор кўтаргани қайд этилмоқда.