Украина ташқи разведка хизмати раҳбари Олег Иващенко маълум қилишича, Хитой ҳозирда Россиянинг камида 20 та ҳарбий саноат корхонаси билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, Хитой томонидан ўқ-дори, махсус кимёвий моддалар, саноат жиҳозлари ва бошқа маҳсулотлар етказиб берилмоқда.
Иващенко таъкидлашича, бу ёрдамлар Россиянинг Украинага қарши урушини давом эттириш имконини сақлаб турибди. Хусусан, авиация соҳасидаги ҳамкорлик кучайгани, Хитойдан муҳим ҳужжатлар, эҳтиёт қисмлар ва ускуналар олиб келинаётгани қайд этилди.
Шунингдек, дронлар учун зарур бўлган электрон компонентларнинг 80 фоизи Хитойдан келаётгани маълум қилинди. Бу маълумотлар Киевдаги «Kyiv Insider» манбасига асосланиб эълон қилинган.
Бунга жавобан Хитой ташқи ишлар вазирлиги ушбу айбловларни рад этди. Пекин ўз ташқи сиёсатини «изчил ва аниқ» деб атаб, ҳарбий маҳсулотлар етказиб бериш билан боғлиқ даъволарни асоссиз дея баҳолади.
Шуни ҳам қайд этиш жоизки, Россия ва Хитой ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик Ғарб томонидан жорий этилган санкцияларга қарамасдан фаол давом этмоқда. Бу ҳамкорлик халқаро майдонда кўплаб мунозараларга сабаб бўлмоқда.