Тизим Хитой Миллий Ядровий Корпорациясига қарашли Хитой Ядровий Энергия Институти томонидан ишлаб чиқилган. У «Verification Technical Scheme for Deep Learning Algorithm Based on Interactive Zero Knowledge Protocol» номини олган. Бу технология ядровий каллакларни уларга тегмасдан, бевосита аниқлаш имконини беради. Бу эса махфий маълумотларни ошкор қилмасдан туриб, ядровий қуролларни назорат қилиш имкониятини яратади.
Тизим сунъий интеллект ёрдамида ядровий қуролларнинг турли моделларини яратиш ва уларни таҳлил қилишга асосланган. Олимлар миллионлаб виртуал ядровий компонентларни моделлаштириш орқали СИни турли хил жанговар каллакларни ажратишга ўргатишди. Бу моделлар орасида ҳақиқий ядровий материаллардан иборат бўлганлар ҳам, сохта материаллардан тайёрланганлар ҳам бор эди.
Стенд синовлари давомида тизим ҳақиқий ядровий каллкларни ва уларнинг макетларини аниқ ажратишга муваффақ бўлди. Бу синовлар натижалари тизимнинг юқори аниқликда ишлашини ва амалда қўллашга тайёрлигини кўрсатди. Тизимнинг ишлаш принциплари ва техник хусусиятлари тўлиқ ошкор этилмаган бўлса-да, у ядровий қуролларни назорат қилиш соҳасида янги босқични бошлаши мумкин.
Хитойнинг бу технологияси халқаро миқёсда ядровий қуролларни назорат қилиш механизмларини кучайтиришга хизмат қилиши мумкин. Ушбу СИ асосидаги тизим ядровий қуролларнинг тарқалишини назорат қилиш, халқаро келишувларга риоя этилишини таъминлаш ва глобал хавфсизликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаши мумкин.