Reuters хабар беришича, глобал ёқилғи бозорида сўнгги ҳафталарда маржа ошгани қайта ишловчи корхоналарга кутилмаган даромад келтирмоқда. Бу ҳолат 2025 йил охирида кутилган заифлашишдан аввал секторга қисқа муддатли нафас олиш имконини бермоқда.
2025 йил май ойида глобал рафинация маржалари бир баррел учун $8,37га етди. Бу 2024 йил мартидан бери энг юқори кўрсаткич бўлиб, пандемиядан кейинги даврда кузатилган $33,5 даражадан анча паст бўлса-да, сўнгги пасайишлардан сўнг ижобий ўзгариш ҳисобланади.
АҚШ ва Европадаги заводлар ёпилиши ёқилғи таъминотини чекламоқда. Масалан, Британиядаги Grangemouth, Германиядаги Wesseling ва АҚШдаги LyondellBasell заводлари ёпилган ёки ёпилиш арафасида. Иберия яриморолида 1,5 млн баррел қувватли заводлар электр узилиши туфайли вақтинча ишлагани йўқ.
Шу билан бирга, Нигериядаги Данготе ва Мексикадаги Олмека каби янги мега-лойиҳаларда апрел ойида режадан ташқари узилишлар рўй берди. Бу ҳам глобал таъминотни чеклаб қўйди.
Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ёз мавсумида автоулов ва авиасаноатдаги талаб ўсиши билан бирга ОЭСР давлатларидаги маҳсулот захиралари 50 млн баррелга қисқаргани нархларга босимни оширмоқда.
Phillips 66, Marathon Petroleum каби АҚШ компаниялари бензин, дизел ва авиаёқилғига талабнинг барқарорлигини қайд этмоқда.
Шу билан бирга, энергетика таҳлилчилари ҳозирги фойда қисқа муддатли эканини таъкидламоқда. Тартибсиз савдо муносабатлари ва ҳаддан ташқари ишлаб чиқариш даражаси ёзда маржаларни пасайтириши мумкин.
Жаҳон нефт талабининг ўсиши 2025 йилнинг қолган қисмида кунлик 650 минг баррелни ташкил этиши кутилмоқда, бу биринчи чоракдаги 1 млн баррелга яқин ўсишдан пас.
Тажрибали трейдерлар рафинациячи корхоналарни фойдани ҳозироқ ҳимоя қилишга чақирмоқда: «Бошқа бундай қулай вазият бўлмаслиги мумкин», — дейди улардан бири.